НКМК 2025 йилда $11,3 млрдлик маҳсулот ишлаб чиқариб, 98,18 тонна олтин қазиб олди
Навоий кон-металлургия комбинати 2025 йилда 98,18 тонна олтин ишлаб чиқариб, жами 135,6 трлн сўмлик (тахминан $11,3 млрд) маҳсулот яратди.
Олдинги йилга нисбатан маҳсулот қиймати сўм ҳисобида 44,7 фоизга ошган бўлса-да, олтин ишлаб чиқаришнинг жисмоний ҳажми атиги 2,1 фоизга кўпайди.

Навоий кон-металлургия комбинати (НКМК) 2025 йилда 98,18 тонна олтин ишлаб чиқарди. Бу ҳақда корхона матбуот хизмати хабар берди.
2025 йилда НКМК 135,6 трлн сўмлик ($11,3 млрд) маҳсулот ишлаб чиқарди. Олдинги йилга нисбатан маҳсулот қиймати сўм ҳисобида 44,7 фоизга ошди. Шу билан бирга, олтиннинг жисмоний ишлаб чиқариш ҳажми атиги 2,1 фоизга кўпайди — 3,09 млн (96,14 тонна) дан 3,15 млн троя унциясигача (98,18 тонна).
Мавжуд маълумотларга кўра, битта троя унциясининг ўртача қиймати 43 млн сўмдан ёки Марказий банкнинг ўтган йил охиридаги расмий курси бўйича $3580 дан ошди.
Комбинат инвестиция дастури доирасида $561 млн маблағни ўзлаштирди, бу 2024 йилдагига ($790 млн) нисбатан қарийб 29 фоизга кам. Шунга қарамай, янги инвестиция лойиҳалари ва мавжуд ишлаб чиқаришни кенгайтириш ҳисобига яратилган янги иш ўринлари сони тахминан тўрт баробарга ошиб, 2,6 мингдан ошди.
НКМКда маҳаллийлаштириш дастури доирасида ишлаб чиқариш ҳажми 1,4 трлн сўмни ташкил этди (+45,6%). Тармоқлараро саноат кооперацияси бўйича харидлар эса 17,7 фоизга ошиб, 7,3 трлн сўмга етди.
Ўтган йил охирига келиб “Мурунтов” конини ўзлаштириш бўйича “V навбат, 1-босқич” инвестиция лойиҳаси тўлиқ амалга оширилди. Лойиҳа доирасида $734 млн миқдорида инвестициялар жалб қилинди, технологик ва кончилик ускуналари етказиб берилди, қурилиш-монтаж ишлари бажарилди. Конь ҳудудида 6 та подстанция, 15 та трансформатор қурилди, 50 км электр узатиш линиялари, 4 км темир йўл ва 3 км конвеер линиялари ётқизилди.
2025 йилнинг биринчи ярмида НКМКнинг молиявий кўрсаткичлари “қулай бозор конъюнктураси ва реализация ҳажмларининг ошиши” ҳисобига рекорд даражага етди. Компания $4,7 млрд даромад олди (+40,9%) ва $1,51 млрд соф фойда кўрсатди (+71,8%).
Аввалроқ Pinkod НКМК Ўзбекистон ва Буюк Британияда иккита IPO ўтказишга тайёргарлик кўраётгани ҳақида ёзган эди.
Давлат корхонаси қарзларни ҳам ҳисобга олган ҳолда тахминан 20 миллиард долларлик баҳолашга эришишни кутмоқда.
Айни пайтда Навоий кон металлургия комбинатининг IPO’си кечикиши айтилмоқда. Ҳукумат ушбу битим олтин қазиб олувчи компаниянинг давлат бюджетига тўлайдиган салмоқли дивидендларини камайтириши мумкинлигидан хавотирда, дея ёзган Bloomberg.









