12 117.350 so‘m

decrease

-11.980

14 069.460 so‘m

increase

7.930

149.490 so‘m

increase

0.320

12 117.350 so‘m

decrease

-11.980

3 кун аввал
Банк
111

Нега Ўзбекистон банклари ЕИ санкциялари рўйхатига киритилмади?

Европа Иттифоқи 23 октябрь куни Россияга қарши 19-санкциялар пакетини қабул қилди, унда илк бор Марказий Осиёдаги айрим банклар ҳам рўйхатга киритилди. Ўзбекистоннинг бирорта банки ёки ташкилоти эса бу санкциялар рўйхатига киритилмади.

Нега Ўзбекистон банклари ЕИ санкциялари рўйхатига киритилмади?
Фото: AI / Pinkod.uz

Европа Иттифоқи 2025 йил 23 октябрь куни Россияга қарши санкцияларнинг 19-пакетини қабул қилди.

Янги санкциялар пакетига биринчи бор Марказий Осиё давлатларидаги айрим банклар ҳам киритилди. Хусусан, Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистонда фаолият юритаётган баъзи молиявий муассасалар ЕИнинг санкция остидаги ташкилотлари қаторига қўшилди.

Россия томонидан эса Альфа-банк, МТС Банк, Абсолют Банк, Земский Банк ҳамда “Истина” номли нобанк кредит ташкилоти чекловларга учради. Улар билан ҳар қандай молиявий операцияларни амалга ошириш 2025 йил 12 ноябрдан бошлаб тақиқланади.

Бундан ташқари, Европа Иттифоқи Россия банкларининг хориждаги филиалларига ҳам санкциялар қўллади. Унга кўра, 2 декабрдан бошлаб Беларусдаги ВТБ, Сбербанк ва Альфа-банк, шунингдек, Қозоғистондаги ВТБ Банки бўлинмаларига нисбатан чекловлар кучга киради.

Марказий Осиё давлатларидан Тожикистоннинг Душанбе Сити Банк, Спитамен Банк ва Тожикистон Коммерчбанки, Қирғизистоннинг Толубай Банк ҳамда Евроосиё Жамғарма Банки ҳам ЕИ санкциялар рўйхатига киритилган. Ушбу чекловлар улар учун ҳам 12 ноябрдан эътиборан амалда бўлади.


Ўзбекистон банклари нега санкциялар рўйхатига тушмади? 

Қувонарли тарафи ЕИ нинг янги санкциялар пакетига Ўзбекистондан бирор бир банк ёки ташкилот киритилмаганидир. 

Марказий банк раиси Тимур Ишметов ҳам 24 октябрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида бу масалага тўхталиб ўтди

Унга кўра, санкциялар хатари ҳар доим прогнозларда инобатга олинади ва шунинг учун қўшни давлат банкларига киритилган чекловлар Ўзбекистонга жиддий таъсир кўрсатиши кутилмайди.

Шунингдек, Ишметов Марказий банк иккиламчи санкцияларга тушиш масаласига жиддий ёндашишини таъкидлаб, бу бўйича банкларга қатъий позиция айтилганини таъкидлади. 

“Биз иккиламчи санкциялар масаласига жуда жиддий қараяпмиз. Охирги икки йилда банк тизимида санксиявий комплаенс тизими такомиллашди. Санкция қўлланган товарлар ва ташкилотлар билан ишламаслик бўйича банкларга  қатъий позициямизни етказганмиз. Ўйлайманки айнан шундай ишлашимиз ҳозирда биздаги бирорта банкни санкцияларга тушмаслигига олиб келди", — дейди МБ раиси. 

Иқтисодчи Отабек Бакиров ҳам буни Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқи билан олиб бораётган оқилона сиёсати натижаси деб атади:

"Санкцион рўйхат жами 45 та компанияни қамраб олган. Унда ўзбек банклари ва компаниялари йўқлиги Ўзбекистоннинг Европа иттифоқи билан икки томонлама манфаатли ва чуқур ўйланган сиёсатининг ютуқларидан бири деб ҳисобласа бўлади", — дея ёзган иқтисодчи ўзининг Telegram каналида.


Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи муносабатлари

23 октябрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев расмий ташриф билан Белгия пойтахти Брюссел шаҳрига жўнаб кетди. 

Ташриф доирасида давлат раҳбари Европанинг етакчи компания ва банклари раҳбарлари билан давра суҳбати ўтказиб, иқтисодий ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси билан Европа Иттифоқи ўртасида Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланди.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2025 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+