Нега акциялар Трамп тарифлардаги тартибсизликларга қарамай ўсишда давом этмоқда?
Трампнинг кескин тариф сиёсати, иш ўринлари бозоридаги пасайиш ва иқтисодий ноаниқликларга қарамай, АҚШ акциялари рекорд даражада ўсишда давом этмоқда.

Сўнгги кунларда АҚШ бошқа давлатларга нисбатан импорт тарифларини оширишда давом этмоқда. Бироқ шунга қарамасдан фонд бозорларии қуламаяпти, аксинча ўсишда давом этмоқда. Хўш, бунинг сабаби нимада?
Тарифлар ортида келаётган иқтисодий тўсиқларга қарамай, S&P 500 индекси шу йил бошидан буён деярли 8 фоизга ўсди. Бу ўсиш қанча давом этиши АҚШ иқтисодиёти Трамп бошлаб берган глобал савдо тизимидаги кескин ўзгаришларга қанчалик чидашига боғлиқ.
Одатда, акциялар нархи компанияларнинг келажакдаги фойдасига қараб шаклланади. Сўнгги ҳафталарда кўплаб компаниялар кутилганидан яхши натижалар эълон қилди. Бунга мисол сифатида Appleʼнинг рекорд даражада даромад ва фойдасини келтириш мумкин.
Таҳлилчилар эса яқин уч ой учун прогнозларини ҳам оширди. Бозор баҳолари тарихий ўртачадан юқори, лекин оптимистлар буни сунъий интеллект инқилобидан катта фойда кўрадиган технология компаниялари билан изоҳлайди.
Сўнгги беш йилда АҚШ иқтисодиёти ўртача 2,8% га ўсди, COVID-19 инқирозидан тикланди, энг кескин фоиз ставкалари ошишига ҳам бардош берди ва глобал савдо тартиби ўзгараётган бир пайтда ҳам барқарор қолди. Пандемия давридаги катта ёрдам пуллари ва паст фоиз ставкалари бунга ёрдам берди.
Бироқ келажак ноаниқ. Трампнинг солиқларни пасайтириши ва мудофаа харажатларини ошириши иқтисодий ўсишни рағбатлантириши кутилмоқда, аммо кўпчилик иқтисодчилар тарифлардан келадиган салбий таъсир бундан каттароқ бўлишини айтмоқда.
Тарифлар ўртача ставкани 2,5% дан қарийб 20% гача кўтариши мумкин, бу эса аслида яширин солиқдир.
Бу йил тарифлардан тушадиган 300 миллиард доллар америкаликларнинг чўнтагидан чиқади. Бундан ҳам хавфлиси бизнес ва инвесторлар учун давомли ноаниқликдир
Трамп фармацевтика ва яримўтказгичларга ҳам янги тарифлар қўйишни режалаштиряпти. Хитой билан тузилган вақтинчалик келишув эса 12 августдан сўнг тугаши мумкин, натижада айрим товарларга тарифлар 145% гача қайтарилиши эҳтимоли бор.
Бозорлар апрель ойидаги дастлабки тариф эълонларига салбий реакция билдирган эди, аммо ҳозир акциялар нархи кўтарилмоқда. Инвесторлар иқтисодиёт буни кўтара олади деб ўйлаши ёки Федерал резерв ставкаларни тез орада туширади, деб кутаётган бўлиши мумкин.
Асл синов кузда бўлади. Янги тарифлар билан келган маҳсулотлар нарх ошишини келтириб чиқарса, бу инфляцияни кучайтириши, харидорларнинг кайфиятини бузиши ва инқироз хавфини ошириши мумкин. Энг ёмон ҳолатда эса, 1970 йиллардаги "стагфляция" қайтиши эҳтимоли ҳам бор.