12 136.920 so‘m

increase

14.850

14 191.700 so‘m

increase

4.030

159.990 so‘m

increase

3.600

12 136.920 so‘m

increase

14.850

4 соат аввал
Бозор
49

Нархлар ўсиши: 2025 йилда Ўзбекистонда уй-жой бозори қандай ўзгарди?

2025 йилда Ўзбекистонда кўчмас мулк бозори барқарор ўсишни намойиш этди. Республика бўйича уй-жой олди-сотди битимлари сони 15 фоиздан ортиқ ошди, иккиламчи бозорда нархлар ўртача 8 фоизга тезлашди. Тошкент шаҳрида эса бирламчи уй-жой нархлари 9 фоиздан кўпроққа кўтарилиб, пойтахт умумий савдонинг қарийб 30 фоизини шакллантирди.

Нархлар ўсиши: 2025 йилда Ўзбекистонда уй-жой бозори қандай ўзгарди?
Фото: AI/Pinkod.uz

2025 йил якунларига кўра, республика бўйича уй-жой олди-сотди шартномалари сони 295 минг донани ташкил этди. Бу кўрсаткич йил давомида 15 фоиздан ортиқ ўсишни қайд этди. Бу ҳақда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази таҳлилида маълум қилинди.

Ҳудудлар кесимида уй-жой бозоридаги фаолликнинг энг юқори ўсиши Бухоро (25,7%), Сирдарё (23,3%) ва Самарқанд (19,7%) вилоятларида кузатилди.

2025 йилда республика бўйича тузилган уй-жой олди-сотди битимларининг қарийб 30 фоизи Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келди. Пойтахтда савдо ҳажми йил давомида 18,2 фоизга ошиб, тахминан 84 минг битимни ташкил этди.

Тошкент шаҳрида кўчмас мулк бозори

Пойтахтнинг иккиламчи уй-жой бозорида 2025 йил давомида бир квадрат метрнинг ўртача нархи бироз ошди — 0,6 фоизга кўтарилиб, $1100 дан юқори даражада шаклланди. Шу билан бирга, Мирзо Улуғбек ва Чилонзор туманларида нархлар тахминан 5 фоизга пасайди.

Бирламчи уй-жой бозорида эса нархларнинг анча фаол ўсиши қайд этилди. Йил давомида янги уй-жойларнинг ўртача қиймати 9 фоиздан кўпроққа ошди. Энг юқори нарх ўсиши Миробод (18%), Яшнобод (14%) ва Мирзо Улуғбек (13,5%) туманларида кузатилди.

Тошкентда ижара бозори

Ижара нархларининг энг юқори даражаси пойтахтнинг марказий туманларида сақланиб қолди. Хусусан, Шайхонтоҳур, Миробод ва Яккасарой туманларида ижара ҳақи бир квадрат метр учун ўртача $11 ни ташкил этди.

Шу билан бирга, ижара ставкаларининг энг сезиларли ўсиши Олмазор, Яшнобод ва Шайхонтоҳур туманларида қайд этилиб, ушбу ҳудудларда йиллик ўртача ўсиш 11 фоиз атрофида бўлди.

Иккиламчи уй-жой бозори: ҳудудлар кесимида

2025 йил якунларига кўра, республика бўйича иккиламчи уй-жой бозорида нархлар ўсиш суръати мўътадил тезлашди. Мамлакат бўйича ўртача йиллик ўсиш 8 фоизни ташкил этди (2024 йилда — 6,2%).

Нархларнинг энг юқори ўсиши Сурхондарё ва Фарғона вилоятларида, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасида кузатилди. Ушбу ҳудудларда уй-жой нархлари йил давомида ўртача 17 фоизга ошди.

Йил якунига кўра, иккиламчи уй-жойлар бўйича энг юқори нархлар Тошкент шаҳрида сақланиб қолди. Шунингдек, Самарқанд вилоятида бир квадрат метрнинг ўртача нархи $834, Тошкент вилоятида эса $682 ни ташкил этди.

Энг паст уй-жой нархлари Қорақалпоғистон Республикасида қайд этилди — бир квадрат метр учун $378. Сирдарё ва Қашқадарё вилоятларида ҳам нархлар нисбатан паст бўлиб, у ерда бир квадрат метрнинг ўртача қиймати тахминан $454 даражасида шаклланди.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+