MY-INSURANCE акциядорларига 21,1 млрд сўмлик дивидендларни тўлай олмади
MY-INSURANCE суғурта компанияси акциядорларига 2025 йил якунлари бўйича ҳисобланган дивидендларни белгиланган муддатда тўламади.
Компания бунга банк ҳисоб рақамларидан фойдаланиш чекланганини сабаб қилиб кўрсатган.
Ҳозирда 21,1 млрд сўмлик дивиденднинг барчаси қарздорлик сифатида қолмоқда.

MY-INSURANCE суғурта компанияси ўз акциядорларига 21,1 млрд сўмлик дивидендни тўлай олмади.
Корпоратив маълумотлар ягона порталида 18 август куни ошкор қилинган муҳим фактга кўра, дивидендларни тўлаш муддати 16 июндан 14 августгача этиб белгиланган. Бироқ шу даврда акциядорларга ҳеч қандай тўлов амалга оширилмаган — ҳисобланган 21,1 млрд сўмнинг 100 фоизи тўланмаган.
Компания бунинг сабабини банк ҳисобларидан фойдаланиш бўйича чеклов билан изоҳлаган.
“Жамият банк ҳисоб рақамларидан фойдаланиш чеклангани сабабли дивиденд тўловларини амалга ошириш имконияти мавжуд эмас”, дейилади корпоратив очиқлашда.
MY-INSURANCE ҳисоб рақамларидан фойдаланиш имконияти банк томонидан тиклангач, дивидендлар тўлиқ тўланишини билдирган. Бироқ ҳужжатда қайси банк ҳисобларига чеклов қўйилгани, чеклов сабаби ва у қачондан бери амал қилаётгани кўрсатилмаган.
Дивидендга соф фойданинг 64 фоизи ажратилганди
MY-INSURANCE акциядорлари дивиденд тўлаш бўйича қарорни 16 июндаги йиллик умумий йиғилишда қабул қилган. Компаниянинг корпоратив қарорига кўра, 2025 йил якунида тақсимланиши мумкин бўлган соф фойда 32,9 млрд сўмни ташкил этган.
Шундан 21,1 млрд сўм ёки қарийб 64 фоизи дивидендларга, 1,65 млрд сўми захира фондига йўналтирилиши белгиланган. Қолган 10,18 млрд сўм эса тақсимланмаган фойда сифатида қолдирилган.
Ҳар бир жойлаштирилган акция учун 248,08 сўмдан дивиденд ҳисобланган. Компаниянинг 85,05 млн дона акцияси мавжуд бўлиб, дивиденд тўловларини 14 августга қадар якунлаш режалаштирилган эди.
Таққослаш учун, MY-INSURANCE аввалги дивиденд тўловида 10 млрд сўмлик дивидендни тўлиқ тўлаган. Корпоратив маълумотлар ягона порталидаги 2025 йил октябрь ойидаги маълумотга кўра, ўша пайтда ҳисобланган маблағнинг 100 фоизи акциядорларга етказилган. Ҳозирги дивиденд ҳажми ундан 2,1 баравар катта.
MY-INSURANCE банк ҳисобларидан фойдаланиш бўйича чеклов компаниянинг суғурта операциялари ёки мижозлар олдидаги мажбуриятларига таъсир қилаётгани ҳақида ҳозирча маълумот бермаган. Корпоратив очиқлашда фақат дивидендларни тўлаш имкони бўлмаётгани қайд этилган.









