Мутлақ рекорд: жаҳон бозорида олтин нархи илк бор 5 500 доллардан ошди
Жаҳон бозорида олтин нархи тарихда илк бор 5 500 доллар чегарасидан ошиб, бир кунда қарийб 9 фоизга кўтарилди. Ўзбекистонда ҳам олтин қуймалари нархи яна рекорд даражага чиқиб, 5 граммлик қуйманинг баҳоси 10,8 млн сўмдан ошди.

Жаҳон бозорида олтин нархи тарихда илк бор 5 500 доллар чегарасидан ошди. Бир кун ичида қимматбаҳо металл нархи қарийб 9 фоизга кўтарилди.
Kitco платформаси маълумотларига кўра, савдолар давомида олтиннинг максимал нархи 5 585 долларгача етган. Хабар тайёрланаётган пайтда эса бир унция олтин 5 552,8 доллардан савдо қилинмоқда. Бу бир грамм тоза олтин нархи 178,6 долларни ташкил этаётганини англатади.

Олтин нархи йил бошидан буён 27 фоизга ошган. Trading Economics маълумотларига кўра, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қимматбаҳо металл нархи қарийб 98 фоизга юқорилаган.
Ўзбекистонда олтин нархи
Ўзбекистонда ҳам олтин қуймалари нархи кетма-кет рекордларни янгиламоқда. Айни пайтда бир грамм олтин қуймаси 2 172 780 сўмдан баҳоланмоқда. Беш граммлик олтин қуймаси нархи эса илк бор 10,8 миллион сўмдан ошди. Бир кун ичида маҳаллий бозорда нархлар қарийб 5,5 фоизга ўсди.

Таққослаш учун, йилнинг биринчи савдо кунига нисбатан олтин нархи 25,5 фоизга, сўнгги 12 ой давомида эса деярли 84 фоизга қимматлашган.









