11 818.070 so‘m

decrease

-35.480

13 788.140 so‘m

decrease

-81.700

141.690 so‘m

decrease

-0.170

11 818.070 so‘m

decrease

-35.480

Якин 1 соат ичида
Иқтисодиёт
20

Мустақилликнинг 35 йиллиги арафасида 50 трлн сўмлик 163 та объект ишга туширилди

Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида Мустақилликнинг 35 йиллиги муносабати билан ҳудудларда янги объектларни ишга тушириш маросими ўтказилди. Умумий қиймати қарийб 50 трлн сўм бўлган объектларнинг 72 таси саноат ва хизмат кўрсатиш лойиҳалари, 91 таси эса ижтимоий соҳа объектларидан иборат. Улар ҳисобига 15 мингта иш ўрни яратилиши ва бюджетга йилига қўшимча 1 трлн сўм тушиши кутилмоқда.

Мустақилликнинг 35 йиллиги арафасида 50 трлн сўмлик 163 та объект ишга туширилди
Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида ҳудудларда умумий қиймати қарийб 50 трлн сўмлик 163 та объект фойдаланишга топширилди.

Объектларни ишга тушириш маросими 25 август куни президент Шавкат Мирзиёев иштирокида ўтказилди. Уларнинг 72 таси йирик саноат ва хизмат кўрсатиш лойиҳалари, қолган 91 таси эса ижтимоий соҳа объектларидан иборат.

Янги инвестиция лойиҳалари энергетика, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати, металлургия, автомобилсозлик, электротехника, қурилиш материаллари, тоғ-кон, тўқимачилик ва енгил саноат йўналишларини қамраб олган.

Жумладан, Сирдарё вилоятида умумий қуввати 1 573 мегаватт бўлган янги электр энергияси ишлаб чиқариш объектлари иш бошлади. Қорақалпоғистонда эса 200 мегаваттли шамол электр станцияси ва 100 мегаваттли энергия сақлаш тизими фойдаланишга топширилди.

Навоий вилоятидаги янги энергетика лойиҳалари йилига 657 млн киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқариш имконини беради.

Бундан ташқари, Андижон, Наманган ва Жиззах вилоятларида тўқимачилик, трикотаж ҳамда гилам ишлаб чиқариш корхоналари ишга туширилди. Президент матбуот хизматига кўра, ушбу лойиҳалар экспорт ҳажмини миллионлаб долларга ошириши кутилмоқда. Бироқ уларнинг аниқ экспорт кўрсаткичлари очиқланмаган.

Самарқанд ва Тошкент вилоятларида эса янги металлургия корхоналари фойдаланишга топширилди. Улар маҳаллий корхоналар ўртасидаги саноат кооперациясини кенгайтириш ва импорт ўрнини босишга йўналтирилган.

Янги лойиҳалар ҳисобига жами 15 мингта иш ўрни яратилиши режалаштирилган. Уларнинг фаолияти натижасида давлат бюджетига йилига қўшимча 1 трлн сўм тушум тушиши кутилмоқда.

Ижтимоий соҳада 36 та болалар боғчаси, 43 та мактаб, 7 та олий таълим муассасаси ва 3 та шифохона очилди.

Хусусан, Янги Тошкентда 10 гектар майдонда қурилган Янги Ўзбекистон университетининг янги мажмуаси фойдаланишга топширилди. У 7 минг нафар талабага мўлжалланган.

Университетда Гарвард билан ҳамкорликда Ректорлар мактаби фаолияти йўлга қўйилди. Оксфорд университети билан биргаликда давлат хизматчиларининг малакасини оширишга мўлжалланган “Таълим хаби”ни ташкил этиш режалаштирилмоқда. Бундан ташқари, 1 октябрдан Сунъий интеллект институти иш бошлаши белгиланган.

Янги Тошкентдаги беш қаватли Миллий кутубхона биноси ҳам фойдаланишга топширилди. Майдони 30 минг квадрат метр бўлган кутубхона бир вақтнинг ўзида 1,5 минг китобхонга хизмат кўрсатиши мумкин.

Унда 28 тадан ортиқ ўқув хонаси ва зал ташкил этилган, фондга эса 200 мингдан ортиқ китоб жамланган.

Қарши шаҳрида 400 млрд сўмга қурилган Иқтисодиёт ва педагогика университетининг янги мажмуаси ҳам очилди. У 3 минг нафар талабага мўлжалланган бўлиб, лойиҳа доирасида 700 кишини иш билан таъминлаш режалаштирилган.

Фарғона вилоятидаги янги тиббиёт муассасасида эса йилига 60 минг нафар беморни даволаш ва 30 минг нафар аёлни скринингдан ўтказиш имконияти яратилган.

Расмий маълумотларга кўра, 2026 йилда ушбу маросимгача умумий қиймати 1,7 млрд доллар бўлган 56 та йирик саноат ва хизмат кўрсатиш объекти ишга туширилган. Уларда 8,8 мингта юқори даромадли иш ўрни яратилган.

Шунингдек, бюджетдан ажратилган 46 трлн сўм ҳисобидан 385 та мактаб, 113 та боғча ва 81 та шифохона қурилган, таъмирланган ёки реконструкция қилинган. Бундан ташқари, 7,5 минг километр йўл ҳамда 3,2 минг километр ичимлик суви ва канализация тармоқлари барпо этилган.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+