MrBeast – 30 ёшга етмасдан миллиард доллар ишлаб топган ягона ёш миллиардер
Янги эълон қилинган маълумотларга кўра, у ҳар ой 50 миллион доллар атрофида даромад топмоқда.

Машҳур YouTuber MrBeast (асл исми Жимми Доналдсон) 30 ёшга етмасдан, ўз меҳнати билан миллиард доллардан ортиқ бойликка эга бўлган ягона ёш миллиардерга айланди.
Celebrity Net Worth сайтининг 2025 йил май ойидаги ҳисоботига кўра, MrBeast'нинг умумий бойлиги 1 миллиард АҚШ долларига етган.
У ҳозирда дунёдаги энг ёш саккизинчи миллиардер сифатида рўйхатга киритилган. Диққатга сазовор жиҳати шундаки, бошқа етти ёш миллиардер бойликни авлодларидан мерос қилиб олган бўлса, MrBeast бу маррага ўз меҳнати эвазига эришган. Айни пайтда у ҳар ой 50 миллион доллар атрофида даромад топмоқда.
MrBeast'нинг асосий YouTube канали 397 миллион обуначига эга. Шунингдек, у MrBeast Gaming, Beast Reacts ва MrBeast Philanthropy каби қўшимча каналларни ҳам юритади. Барча ижтимоий платформалардаги кузатувчилари сони 500 миллиондан ошади. У ўз видеоларида миллионлаб доллар сарфланадиган ҳайратомуз синовлар ва саховатли совғалар билан кенг аудиторияни ўзига жалб қилган.
Блогер даромадининг катта қисмини YouTube рекламалари, ҳомийлик шартномалари, бренд маҳсулотлари савдоси ҳамда озиқ-овқат лойиҳалари – хусусан, MrBeast Burger ва Feastables шоколад брендидан олади. 2023 йил якунларига кўра, у бургер бизнесидан 223 миллион доллар, бренд маҳсулотлари савдосидан эса 53 миллион доллар даромад қилган.
Реклама орқали ойлик даромади тахминан 1,4 миллион долларни ташкил этса, ҳар бир ҳомийлик видеоси учун 1 миллион долларгача ҳақ олади.
Жимми Доналдсон ўз фаолиятини 12 ёшида бошлаган. У дастлаб “100 000 гача санаш” ёки “луғатни ўқиб чиқиш” каби ноодатий контентлар билан эътиборга тушган. Бугунги кунга келиб, у Forbes томонидан энг кўп даромад олган контент яратувчи сифатида тан олинган.
Қизиғи шундаки, яқинда “Diary of a CEO” подкастида берган интервьюсида у ўзини "қоғозда миллиардер" деб атади ва банк ҳисобида атиги 1 миллион доллардан кам маблағ борлигини таъкидлаб ўтди.