Молиявий қийинчилик пайтида кредит тўловларини 6–10 ойгача кечиктиришга рухсат берилади
Эндиликда айрим ҳолатларда қарз олувчилар кредит тўловларини 6–10 ойга қадар жарима ва пеняларсиз кечиктириши мумкин бўлади. Марказий банк томонидан жорий этилаётган янги тартиб бир қатор ижтимоий ва ҳаётий ҳолатларни қамраб олади.

2026 йил 25 январдан эътиборан, қарз олувчи вақтинчалик молиявий қийинчиликларга дуч келган тақдирда, кредит тўловларини кечиктиргани учун қўшимча фоизлар ёки жарималар ундирилмайди. Бу борада Марказий банк томонидан тегишли низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Қайси ҳолатларда кредит тўловини кечиктиришга рухсат берилади?
Қуйидаги ҳолатларда қарз олувчига кредит тўловини кечиктириш ҳуқуқи берилади:
- қарз олувчи икки ой ёки ундан ортиқ муддат давомида вақтинча меҳнатга лаёқатсиз бўлса;
- меҳнат шартномаси бекор қилиниб, иш қидираётган шахс сифатида расмий рўйхатдан ўтса;
- қарз олувчининг биргаликдаги қарз олувчиси ёки кафили бўлган турмуш ўртоғи вафот этса;
- қарз олувчига I ёки II гуруҳ ногиронлиги белгиланса;
- қарз олувчининг қарамоғида I ёки II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар сони ошса;
- турмуш ўртоғига I ёки II гуруҳ ногиронлиги белгиланса;
- аёл қарз олувчи ҳомиладорлик ёки туғиш таътилида бўлса;
- қарз олувчига табиий ёки техноген хусусиятдаги фавқулодда вазиятлар таъсир қилган бўлса.
Мазкур ҳолатлар банкка мурожаат қилинган санадан олдинги тўрт ой ичида юз берган бўлиши лозим.
Кредит муддатини узайтириш учун қарз олувчи ўзининг молиявий аҳволи ёмонлашганини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этиши шарт. Бунда унинг сўнгги икки ой ичидаги даромади аввалги ўн икки ойлик ўртача даромадига нисбатан камида 30 фоизга камайган бўлиши талаб этилади.
Агар банк ушбу ҳолатларни асосли деб топса, кредит бўйича тўлов муддати қўшимча фоизлар ва жарималарсиз узайтирилади ҳамда мазкур кредит “муаммоли” тоифасига киритилмайди.
Кредитни узайтириш муддати ҳомиладорлик ва туғиш таътили билан боғлиқ ҳолатларда 10 ойгача, бошқа барча ҳолатларда эса 6 ойгача этиб белгиланади.









