Миллий кутубхона ортидаги 1,3 гектар ҳудудда автотураргоҳ қурилади
Тошкент марказида, Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхона ортидаги 1,3 гектар ҳудудда автотураргоҳ ва хиёбон қуриш режалаштирилмоқда. Ҳозир ушбу ҳудудда дарахтлар, майсазор ва бошқа яшил майдонлар мавжуд. Лойиҳа учун камида 10 млрд сўм инвестиция киритилиши керак.

Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқовнинг 14 сентябрдаги 463-14-0-Q/26-сон қарори билан лойиҳа давлат-хусусий шериклик асосида амалга оширилиши белгиланди.
Лойиҳа учун Миллий кутубхона ортидаги 1,3 гектар ер майдони ажратилган. Ҳудуднинг ҳозирги қисмида дарахтлар, майсазорлар ва ободонлаштирилган яшил майдонлар мавжуд.
Лойиҳа доирасида бу ерда автотураргоҳ билан бирга хиёбон ҳам ташкил этилиши кўзда тутилган. Қарорда мавжуд дарахтларнинг қанчаси сақланиши, кўчирилиши ёки кесилиши ҳақида маълумот келтирилмаган.

ДХШ лойиҳасини амалга ошириш ҳуқуқи E-auksion орқали 514 млн сўм бошланғич қиймат билан савдога чиқарилади. Аукцион ғолиби ҳудуддан 10 йил фойдаланиш ҳуқуқини олади ва лойиҳага камида 10 млрд сўм инвестиция киритиши керак.
Автотураргоҳдан тушадиган ҳар бир тўловнинг 15 фоизи давлат шеригига, яна 5 фоизи “Пуллик тўхташ жойи” операторига берилади.
Бу Тошкентда автотураргоҳларни давлат-хусусий шериклик асосида хусусий секторга бериш бўйича ягона лойиҳа эмас.
Жорий йил июль ойида пойтахтнинг 10 та туманидаги 36 та автотураргоҳ майдони ягона лот сифатида аукционга чиқарилган эди. Уларнинг умумий майдони 3,99 гектар бўлган. “Korzinka” супермаркетлар тармоғини бошқарувчи Anglesey Food компанияси ушбу лотни 20,95 млрд сўмга ютиб олган. Бошланғич нарх 1,34 млрд сўм бўлиб, савдо давомида қиймат қарийб 15,7 баравар ошган.
Мазкур 36 та участка “Korzinka” супермаркетлари ёнидаги аввалдан мавжуд автотураргоҳлар ҳисобланади. Компания уларни давлат-хусусий шериклик модели асосида бошқаради.
Шу тариқа, Миллий кутубхона ортидаги 1,3 гектарлик лойиҳа билан бирга, Тошкентда 2026 йил давомида жами ўнлаб автотураргоҳ майдонларини хусусий операторларга ДХШ асосида бериш жараёни давом этмоқда.









