12 557.560 so‘m

decrease

-34.150

14 809.130 so‘m

decrease

-12.570

159.440 so‘m

decrease

-0.740

12 557.560 so‘m

decrease

-34.150

2 кун аввал
Work&life

Мен банкоматни ихтиро қилдим, эвазига эса атиги 15 доллар олдим — Жеймс Гудфеллоу

Жеймс Гудфеллоу илк банкоматни патентлади ва биринчи Pin-kod’ни яратди, бироқ молиявий соҳада катта маош оладиганлардан фарқли ўлароқ, у ўзининг оламшумул хизмати учун амалда ҳеч нарса ололмади.

Мен банкоматни ихтиро қилдим, эвазига эса атиги 15 доллар олдим — Жеймс Гудфеллоу

Илк банкоматни патентлаган одам ўз ихтироси учун атиги $15 олган. Бу ҳақда ушбу патент эгаси Жеймс Гудфеллоу The Guardian нашрига берган интервьюсида айтиб ўтган.

Ҳаёт баъзан жуда адолатсиз бўлади. Марк Цукерберг миллионлаб инсонлар томонидан фойдаланиладиган Facebook’ни яратди ва унинг бойлиги ҳозирда $258 млрдга баҳоланмоқда. Жеймс Гудфеллоу ҳам ўз навбатида миллиардлаб инсонлар фойдаланадиган банкоматни яратди, аммо бу уни миллиардерга айлантира олмади.

Умуман олганда, ихтиросининг 50 йиллиги арафасида 79 ёшли мутахассис Guardian Money нашрига патентдан атиги 15 доллар (тахминан 10 фунт стерлинг) ишлаб топганини ва шундан бери ундан бир тийин ҳам даромад қилмаганини айтиб ўтган.

 “Банкирлар бир миллион фунт стерлинг миқдорида мукофот олаётганини кўрганимда, ўзимни қандай ҳис қилишимни тасаввур қила оласиз, деб ўйлайман. Баъзида ўйлаб қоламан, улар шундай катта мукофотга лойиқ бўлиш учун банк соҳасига мендан кўра кўпроқ ҳисса қўшганмикин? Бу менга унчалик мантиқий туюлмайди, лекин нима ҳам қилардим, дунё шу тарзда ишлайди”, — дея таъкидлайди Гудфеллоу.

Шунингдек, уни ихтирочилар ва муҳандислар учун яхши ибрат намунаси сифатида кўришмаётгани ҳам унинг жаҳлини чиқаради. У бир нечта саноат тармоқларини юзага келтирган ва миллиардлаб фунт стерлинг даромад келтирган инқилобий ихтирони яратди,  “Лекин мен ҳеч нарса олмадим. Шундай экан, Жеймс Гудфеллоунинг изидан бориб, ажойиб муваффақиятга эришганда атиги 15 доллар олишни ким ҳам истарди?”

Ихтиро

1960-йилларнинг ўрталарида Гудфеллоу Глазгодаги Kelvin Hughes фирмасига қарашли бўлимда ривожланиш бўйича муҳандис бўлиб ишларди. Унга шанба кунлари банклар ёпилганда мижозларга нақд пул ечиб олиш имконини берувчи усулни ишлаб чиқиш вазифаси топширилган эди.

 “Ҳафта давомида ишлайдиган одамларнинг кўпчилиги банкка бора олмасди. Улар бу муаммога ечим излашарди. Ечим эса тан олинган мижозга талаб бўйича нақд пул берадиган машина эди ”, дея эслайди у.

 “Мен нақд пул берадиган машина яратишга киришдим ва буни амалга ошириш учун ПИН [шахсий идентификация рақами] ҳамда у билан боғлиқ кодланган токенни ихтиро қилдим”.

Бу токен тешиклар тешиб чиқилган пластик картадан иборат эди. Патент ҳужжатларида банк деворининг ташқи томонига ўрнатиладиган карта ўқувчи ва тугмачаларни ўз ичига олган тизим таклиф этилган бўлиб, унда шундай дейилади:

  “Мижоз тизимдан пул олишни хоҳласа, у шунчаки тешикланган картасини карта ўқувчига киритади ва ўз шахсий идентификация рақамига (ПИН) мувофиқ 10 та тугмадан иборат клавиатурадан фойдаланади”.

Тешикли карталардан ташқари, бу таъриф бугунги банкоматларнинг иш принципи билан деярли бир хил.

Гудфеллоу бу методологияни модел ишлаб чиқиб муваффақиятли намойиш қилганидан сўнг, прототиплар тайёрлашга рухсат берилди ва биринчи Chubb бренди остидаги қурилмалар 1967 йили Westminster Bank (кейинчалик NatWest) бўлимларига ўрнатилди.

Гудфеллоу билан бир вақтда De La Rue компаниясида Жон Шеперд-Баррон ҳам банкоматга ўхшаш қурилма устида ишлаган. Унинг қурилмаси пластик карталардан фойдаланмасди — у карбон-14 деб аталувчи озгина радиоактив модда сингдирилган чеклардан фойдаланган. Қурилма карбон-14ни аниқлаб, чекдаги маълумотни мижознинг ПИН коди билан солиштирган ва пулни берган.

Банкоматни аслида ким ўйлаб топган?

Кўпчилик фикрича, биринчи бўлиб ўрнатилган ва ишлатилган банкомат — айнан Шеперд-Барроннинг қурилмасидир. Биринчи банкомат 1967 йил 27 июнь куни Лондоннинг шимолидаги Энфилддаги Barclays филиалида ишга туширилган ва очилиш маросимини машҳур актёр Рэг Варни олиб борган. Бу воқеа Гудфеллоунинг банкомати оммага тақдим этилишидан бир ой олдин содир бўлган.

Шунга қарамай, Гудфеллоу ўз банкомати учун патент аризасини 1966 йил 2 майда топширган — бу Шеперд-Баррон қурилмаси ишлай бошлаганидан 14 ой аввал эди. Бошқача айтганда, Гудфеллоу технологияни ҳуқуқий жиҳатдан биринчи бўлиб рўйхатдан ўтказган. Шеперд-Баррон эса ўз қурилмаси учун патент олмаган, De La Rue компанияси бунга эҳтиёж йўқ деб ҳисоблаган.

Икки ихтирочи ўртасидаги рақобат айниқса Жон Шеперд-Баррон муваффақияти учун шарафланганида кучая бошлади. Гудфеллоу бу ҳақда шундай дейди:

“Энг катта афсус қиладиган нарсам — шунча вақт жим юрганимдир. Жон Шеперд-Баррон 2005 йили OBE мукофотини олгунига қадар мен ҳеч нарса демаган эдим. Бу мукофот унга 'автоматик нақд пул берувчи қурилма' ихтирочиси сифатида берилди. Бу менга жуда оғир ботди ва мен норозилик билдирдим. 1966 йилдан 2005 йилгача сукут сақлагандим — катта хатойим бўлган”.

Ниҳоят, 2006 йили Гудфеллоу ҳам банк соҳасига қўшган ҳиссаси учун, аниқроғи,  “шахсий идентификация рақами (ПИН)” патентори сифатида OBE мукофоти билан тақдирланди.

Жон Шеперд-Баррон эса ҳаётлигида рақибига унчалик илиқ муносабатда бўлмаган. 2005 йилда Guardian газетасига берган интервьюсида у шундай деган эди:

 “Мен уни танимайман, омад тилайман, лекин фарқ шундаки — биз бутун тизимни яхлит тарзда ўйлаб чиққандик. Бу банклар учун муҳим эди. Унинг ихтироси менга ховеркрафтни эслатади — нафис, лекин муваффақиятсиз лойиҳа”.

Бугунги кунда эса банкомат дунё миқёсида кенг тарқалган ва муваффақиятли технологияга айланган. На контактсиз тўловлар, на биткойн банкоматларнинг оммавий тарқалиш суръатини тўхтата олмаяпти.

Гудфеллоу пул берувчи қурилма ғоясини айнан ўзи ўйлаб топмаганини тан олади:

 “Лекин уни амалга оширишнинг усулини айнан мен ўйлаб топдим. Одамлар ака-ука Райтлар ҳақида гапирганда, улар учиш ғоясини ихтиро қилмаган дейишади — чунки бу ғояни кўпчилик ўйлаган эди. Лекин улар бу ишни биринчи бўлиб уддалаган ва самолёт ихтирочиси сифатида тарихга кирган. Шунинг учун мен ҳам банкоматни ихтиро қилган деб эътироф этилишим керак, деб ҳисоблайман”, — дейди у.

Гудфеллоу технологияни илк марта рўйхатдан ўтказган бўлишига қарамай, эътирофнинг бир қисмини жуда кеч олди. Бугун банкомат технологиясининг тарихи тўлиқроқ ўрганилгач, кўплаб манбалар — жумладан, ATMInventor.com — унга асосий ихтирочи сифатида эътироф билдиради.

Сайт хулосасига кўра:

ATM ғоясини биринчи бўлиб илгари сурган — арман-америкалик Лютер Жорж Симжиан.

Ҳозирги шаклдаги, амалиётда ишлатиладиган ATM’ни ихтиро қилган — Жеймс Гудфеллоу.

Замонавий мустақил банкомат дизайнини яратган — Жон Д. Уайт (AҚШдаги Docutel компанияси)

$15 тақдири

Гудфеллоу бу технологиядан олган мукофоти ҳақида шундай дейди:

 “Мен 15 та давлатга патент аризаси топширганман. Ҳар бир давлат учун патент имзоси учун 1 доллардан олганман — жами 15 доллар. Ўшанда мен энди Kelvin Hughes’да ишламасдим. Лойиҳа бошқа шаҳарга кўчирилганида, мени у ерга бошқарувчи сифатида таклиф қилишган, лекин мен боришни хоҳламадим. Шу тариқа, ишдан бўшадим ва IBM’да ишлашни бошладим. У ерда 26 йил фаолият юритдим”.

“15 долларни нима қилдингиз?” деган саволга эса ҳазил билан шундай жавоб беради:

 “Эҳтимол, уни бир ёввойи кечада сарфлагандирман. Бу пул ҳаётимни ўзгартирмади. Лекин қилган ишимдан мамнунман — бу яхши меҳнат ҳаёти бўлди”.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2025 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+