Марказий банк талабалар учун мукофот қиймати 100 млн сўмлик танлов бошлади
Танлов иқтисодиёт ва молия йўналишларида таҳсил олаётган юқори босқич талабалари ҳамда магистрантлар учун мўлжалланган бўлиб, унда иштирокчилар макроиқтисодий таҳлил ва пул-кредит сиёсати бўйича амалий топшириқларни бажаради. Ғолиб жамоалар пул мукофотлари билан бирга Марказий банкда амалиёт ўташ имкониятига эга бўлади.

Марказий банк талабалар учун CBU Challenge танловини эълон қилди. Бу ҳақда регулятор матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, мазкур танлов олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда ташкил этилиб, талабаларнинг макроиқтисодий таҳлил, иқтисодий прогнозлаш ҳамда пул-кредит сиёсати соҳасидаги амалий билим ва кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган.
Танловда иқтисодиёт ва молия йўналишларида таҳсил олаётган бакалавриатнинг 3–4-босқич талабалари ҳамда магистрантлар иштирок этиши мумкин. Иштирокчилар 4–5 нафар талабадан иборат жамоалар шаклида қатнашади, ҳар бир жамоага бир нафар маслаҳатчи ўқитувчи бириктирилади.
CBU Challenge икки босқичда ўтказилади. Саралаш босқичида жамоалар жорий макроиқтисодий шароит юзасидан таҳлилий тақдимот тайёрлайди. Якуний босқичда эса пул-кредит сиёсати таҳлил қилиниб, асосий ставка бўйича асосланган қарор қабул қилинади ҳамда пресс-релиз тақдим этилади.
Танлов якунларига кўра ғолиб жамоалар дипломлар, пул мукофотлари ва эсдалик совғалари билан тақдирланади. Асосий мукофот 100 миллион сўмни ташкил этади. Шунингдек, ғолибларга Марказий банкда амалиёт ўташ имконияти берилади.
Аризаларни қабул қилиш 15 декабрдан бошланади. Рўйхатдан ўтиш 10 январгача давом этиб, мазкур ҳавола орқали амалга оширилади. Таништирув тадбирлари 12–16 январь кунлари ўтказилади. Саралаш босқичи 9–13 февраль кунларига белгиланган. Финал босқичи март ойида бўлиб ўтади, аниқ сана қўшимча равишда эълон қилинади.
Алоқа учун: Телефон: +998 71 233 00 65 Электрон почта: j.mamasalaev@cbu.uz
Танловга оид батафсил маълумотлар Марказий банкнинг расмий веб-сайтида эълон қилиб борилади.









