Марказий банк талабалар учун махсус стипендия эълон қилди
Марказий банк иқтисодиёт, банк иши, молия, юриспруденция, IT ва бошқа йўналишларда таҳсил олаётган битирувчи курс талабалари учун махсус стипендия танловини бошлади.
Стипендия миқдори БҲМнинг камида уч баравари этиб белгиланади, аризалар 11-сентабргача қабул қилинади.
Танлов ғолиблари Марказий банкда амалиёт ўташ имкониятига ҳам эга бўлади.

Марказий банк иқтидорли талабалар учун махсус стипендия танловини эълон қилди.
Дастурда республика олий таълим муассасаларининг бакалавриат ва магистратура босқичида сўнгги курсда кундузги шаклда ўқиётган талабалар қатнашиши мумкин. Танлов ҳар йили ўтказилиши режалаштирилган.
Стипендия иқтисодиёт, макроиқтисодиёт, жаҳон иқтисодиёти ва халқаро иқтисодий муносабатлар, статистика, молия ва молиявий технологиялар, банк иши, бухгалтерия ҳисоби, сунъий интеллект, дастурий инжиниринг, ахборот хавфсизлиги, ахборот тизимлари ва технологиялари, юриспруденция, медиадизайн, ўзбек филологияси ҳамда таржима йўналишлари талабалари учун мўлжалланган.
Номзодлардан сўнгги ўқув йили якунлари бўйича юқори рейтинг кўрсаткичига эга бўлиш, давлат тилини мукаммал билиш, шунингдек рус ва инглиз тилларини камида Б2 даражасида эгаллаш талаб қилинади.
ACCA ёки бошқа халқаро молиявий сертификатлар, Big Data билан ишлаш кўникмаси, IELTS’дан 7.0 ва ундан юқори натижа ҳамда иқтисодиёт, молия ёки IT йўналишидаги олимпиадаларда совринли ўринлар номзодларга устунлик беради.
Танлов уч босқичда ўтказилади. 15-сентабр соат 10:00 да масофавий тест бўлиб ўтади. Иқтисодиёт, банк иши, молия ва статистика йўналишидагилар макроиқтисодиёт ва мантиқий фикрлаш, юриспруденция, IT ва бошқа йўналишдагилар эса мантиқий фикрлаш ҳамда ўз соҳаси бўйича саволларга жавоб беради.
16-сентабр соат 11:00 да Google Meet орқали хорижий тил даражаси баҳоланади. 18-сентабр соат 10:00 да эса сараланган номзодлар Эксперт гуруҳи билан якуний суҳбатдан ўтади.
Ғолиблар БҲМнинг камида уч баравари миқдорида стипендия олади. Бундан ташқари, улар Марказий банкнинг тегишли бўлинмаларида ҳафтасига 15 соатдан ошмаган ҳолда амалиёт ўташи мумкин.
Аризалар Марказий банкнинг Телеграм-боти орқали 11-сентабргача қабул қилинади. Номзод ариза топширишда Марказий аппарат ёки тегишли ҳудудий бош бошқармани танлаши мумкин.









