Марказий банк Humans иловаси орқали карталардан рухсатсиз пул ечилишига муносабат билдирди
Ижтимоий тармоқларда Humans иловасига бириктирилган карталардан фойдаланувчиларнинг розилигисиз маблағлар ечиб олинаётгани ҳақидаги хабарлар тарқалди. Регулятор ҳолатни тасдиқлаб, Paylov (Octagram) орқали амалга оширилаётган тўлов хизматларини вақтинча тўхтатди ҳамда текширув бошланганини маълум қилди. Текширув натижалари бўйича батафсил изоҳ берилиши айтилмоқда.

Аввалроқ Pinkod Humans МЧЖ банкрот деб топилгани ҳақида ёзган эди.
Дам олиш кунлари Humans иловасига уланган карталардан фойдаланувчиларнинг розилигисиз пул ечиб олингани ҳақида хабарлар тарқалди.
Ижтимоий тармоқларда юзлаб мижозлар ушбу ҳолатдан зарар кўргани, айрим фойдаланувчиларнинг ҳатто 20–30 миллион сўмгача маблағи ечиб олингани айтилмоқда. Ҳозирча компания бундай ҳолат юзасидан расмий изоҳ бермаган.
Марказий банк эса воқеа бўйича муносабат билдириб, маълумотларни тасдиқлади. Регулятор хабарига кўра, “Humans companies” АЖ ва “Octagram” АЖ ўртасида 2025 йил 10 апрелда 32-сонли шартнома имзоланган бўлиб, унга мувофиқ Humans агент сифатида ўз мижозларига тўлов хизматларини (тўловлар ва P2P ўтказмалар) тақдим этишни бошлаган.
2025 йил 8 декабрь куни соат 08:30 атрофида Марказий банкка фуқаролардан Humans иловаси орқали маблағлар рухсатсиз ечиб олингани ҳақида мурожаатлар келиб тушган. Шундан сўнг регулятор “Octagram” АЖ (Paylov савдо белгиси) билан боғланиб, хавфсизлик талабларига риоя этилишини таъминлаш мақсадида P2P амалиётларини вақтинча тўхтатиш бўйича кўрсатма берган.
9 декабрь ҳолатига кўра, Humans иловаси орқали “Octagram” АЖ (Paylov) томонидан амалга оширилаётган барча тўлов хизматлари тўлиқ тўхтатилган.
Марказий банк Uzcard ва Humo карталари орқали тўловлар одатдаги тартибда ишлаётганини, шунингдек, карталардан бошқа банк ва тўлов ташкилотлари иловалари орқали ҳам фойдаланиш мумкинлигини маълум қилган.
Айни пайтда мазкур вазият бўйича тезкор текширув давом этмоқда. Барча шубҳали транзаксиялар, техник жараёнлар ва платформалар ўртасидаги ҳамкорлик тўлиқ ўрганилмоқда. Текширув якунлари бўйича қўшимча расмий маълумот тақдим этилиши билдирилди.
Марказий банк фуқароларга ушбу ҳолат юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга белгиланган тартибда мурожаат қилиш мумкинлигини эслатиб ўтди.
Аввалроқ Pinkod 14 октябрда Тошкент туманлараро иқтисодий судида Humans МЧЖ билан боғлиқ низо кўриб чиқилгани ҳақида ёзган эди.
Суд қарори билан Humans МЧЖ (таъсисчиси Humans Companies АЖ) банкрот деб топилиб, унга нисбатан фаолиятини тўхтатмаган ҳолда тугатишга доир иш юритиш бошланган.









