Марказий банк банклардан кредит суғуртаси бўйича тушунтириш беришни талаб қилди
Марказий банк онлайн микроқарз ва бошқа чакана кредитлар бўйича ундириладиган суғурта мукофотларини қайтариш тартибини ўрганмоқда. Тижорат банклари суғурта мажбурийми ёки ихтиёрийми, тўлов кимнинг ҳисобидан ушланиши ҳамда кредит муддатидан олдин ёпилганда фойдаланилмаган давр учун пул қайтарилишини очиқ тушунтириши керак.

Марказий банк онлайн микроқарзлар ажратишда суғурта полиси учун ундирилган маблағларни қайтариш билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан ўрганиш бошлади.
Бунга ижтимоий тармоқларда кредит муддатидан олдин тўлиқ ёпилган тақдирда ҳам суғурта шартномасининг фойдаланилмаган даври учун тўланган пулнинг тегишли қисми мижозларга қайтарилмаётгани ёки уни қайтариш тартиби мураккаб ва тушунарсиз ташкил этилгани ҳақидаги хабарлар сабаб бўлган.
Регуляторнинг 9 июлдаги хатига кўра, онлайн микроқарз ва бошқа чакана кредитларга суғурта маҳсулотларини қўшиб таклиф қилаётган банклар мазкур масала бўйича ўз позициясини расмий каналлар орқали эълон қилиши керак.
Банклар, хусусан, қуйидаги саволларга аниқ жавоб бериши лозим:
- кредит олишда суғурта маҳсулоти таклиф қилинадими;
- суғурта мижоз учун ихтиёрийми ёки кредит ажратишнинг мажбурий шартими;
- суғурта мукофоти мижоз ҳисобиданми ёки ажратилаётган кредит суммасидан ушланадими;
- хизматни қайси суғурта ташкилоти кўрсатади;
- банк бу жараёнда кредитор, суғурта агенти ёки фақат техник воситачи сифатида иштирок этадими.
Пулни қайтариш тартиби ҳам очиқланиши керак
Марказий банк банклардан кредит муддатидан олдин тўлиқ сўндирилганда фойдаланилмаган суғурта даври учун мукофотнинг бир қисми қайтарилиши ёки қайтарилмаслигини ҳам кўрсатишни талаб қилмоқда.
Агар пул қайтарилса, банклар бу жараён автоматик амалга оширилиши ёки мижоз алоҳида мурожаат қилиши кераклигини тушунтириши лозим. Шунингдек, мурожаат банкка ёки суғурта компаниясига юборилиши, ариза топшириш каналлари, пулни қайтариш муддати ва талаб қилинадиган ҳужжатлар рўйхати ҳам очиқ эълон қилиниши керак.
Регуляторга кўра, банк амалиётида мижозлар учун ноқулайлик, тушунмовчилик ёки техник чекловлар мавжуд бўлса, банк уларни очиқ тан олиши ҳамда муаммони бартараф этиш бўйича аниқ чоралар ва муддатларни маълум қилиши лозим.
Агар ижтимоий тармоқларда билдирилган ҳолатлар муайян банк амалиётида учрамаган бўлса, банк буни асосланган тарзда рад этиб, амалдаги тартибни мижозларга содда тилда тушунтириши мумкин.
Марказий банк банклар эълон қиладиган маълумотлар умумий баёнот ёки мавҳум раддия эмас, балки истеъмолчи учун амалий аҳамиятга эга аниқ тушунтириш бўлиши кераклигини таъкидлади.
Тижорат банкларидан амалга оширилган ишлар, эълон қилинган тушунтиришлар ва уларга ҳаволаларни 16 июлга қадар Марказий банкка тақдим этиш сўралган.









