Кредитни сўндиришда қайси усул қулайроқ?
Кредит олиш – бу қўшимча молиявий имконият бўлиб, уни сўндиришда асосий икки усул мавжуд. Бироқ, улардан қайси бирини танлаш фойдалироқ?
Кредит — бу молия ташкилотлари томонидан маълум миқдордаги маблағни вақтинча фойдаланиш учун қарзга бериш жараёни. Кредит олувчи белгиланган муддатда асосан асосий қарзни ва унга қўшимча равишда фоиз тўлаши зарур. Кредитлар турли мақсадлар, масалан, уй-жой сотиб олиш, автомобиль хариди, бизнесни ривожлантириш ёки шахсий эҳтиёжларни қоплаш учун ишлатилади.
Кредитни тўлаш усуллари
Кредитни сўндиришнинг икки тури мавжуд. Улар ўртасидаги фақрни тушуниш учун ҳар бирини мисоллар ёрдамида кўриб чиқамиз.
Аннуитет усули
Аннуитет усулида ҳар ойда бир хил миқдорда тўлов амалга оширилади. Бу тўлов миқдори кредитнинг асосий қисмини ва унга қўшилган фоизларни ўз ичига олади. Кредит муддати давомида тўлов миқдори ўзгармайди. Буни қуйидаги жадвалли мисол орқали кўриб чиқиш мумкин.
Кредит шартлари:
- Кредит миқдори: 15 000 000 сўм
- Муддат: 12 ой
- Йиллик фоиз ставкаси: 26%
- Ҳар ойга тўлов: 1 432 952,08 сўм
Ой | Ойлик тўлов (сўм) | Асосий қарз тўлови (сўм) | Фоиз тўлови (сўм) | Қолган қарз (сўм) |
1 | 1 432 952,08 | 1 107 952,08 | 325 000,00 | 13 892 047,92 |
2 | 1 432 952,08 | 1 131 957,71 | 300 994,37 | 12 760 090,20 |
3 | 1 432 952,08 | 1 156 483,46 | 276 468,62 | 11 603 606,74 |
... | ... | ... | ... | ... |
12 | 1 432 952,08 | 1 402 563,22 | 30 388,87 | 0 |
Кўриниб турибдики, бу усулда дастлабки ойларда тўлов фоизларини қоплаш учун ишлатилади. Лекин вақт ўтган сари фоиз тўлови камайиб бориб, келтирилган мисолдаги жадвал охирида деярли 30 минг сўмни ташкил қилади. Бу ҳолатда 15 млн сўмлик кредит учун қўшимча 2 195 425,02 сўм, жами 17 195 425,02 сўм тўланади (12 ой мисолида).
Афзалликлари:
- Ҳар ойда тўлов миқдори ўзгармайди.
- Бюджетни режалаштиришда осонлик яратади.
Ноқулайликлари:
- Дастлабки даврда тўланадиган фоиз миқдори кўпроқ.
- Кредитни муддатидан олдин тўлашда фоизлар камаймайди.
Дифференциал усул
Дифференциал усулда кредитнинг асосий қисми ҳар ойда тенг қисмларга бўлинади, фоизлар эса ҳар ойда қолган қарз миқдорига қараб камаяди. Бу усулда дастлабки ойларда тўловлар юқори бўлади, кейинчалик эса камайиб боради. Буни қуйидаги жадвалли мисол орқали кўриб чиқиш мумкин.
Кредит шартлари
- Миқдори: 15 000 000 сўм
- Муддат: 12 ой
- Йиллик фоиз ставкаси: 26%
Ой | Ойлик тўлов (сўм) | Асосий қарз тўлови (сўм) | Фоиз тўлови (сўм) | Қолган қарз (сўм) |
1 | 1 581 232,88 | 1,250,000 | 331 232,88 | 13,750,000 |
2 | 1 524 246,58 | 1,250,000 | 274 246,58 | 12,500,000 |
3 | 1 526 027,40 | 1,250,000 | 276 027,40 | 11,250,000 |
... | ... | ... | ... | ... |
12 | 1 277 602,74 | 1,250,000 | 27 602,74 | 0 |
Бу усулда 15 млн сўм кредит учун қўшимча тўланган маблағ 2 104 041,10 сўмни, жами эса 17 104 041,10 сўмни ташкил қилади (12 ой мисолида).
Афзалликлари:
- Умумий фоиз харажатлари аннуитет усулига қараганда камроқ.
- Кредит муддати давомида ойлик тўловлар камайиб боради.
Ноқулайликлари:
- Дастлабки ойда катта миқдорда тўлов талаб қилинади.
- Ойлик тўлов миқдори бошланишда юқори бўлгани учун барқарор даромадга эга бўлмаган кишилар учун қийинчилик туғдириши мумкин.
Қайси усулни танлаш керак?
Узоқ муддат давомида бир хил миқдорда тўлов қилишни мақсад қилганлар учун аннуитет усули яхши вариант ҳисобланади. Бу усул бюджетни аниқ режалаштиришга ҳам ёрдам беради.
Умумий фоиз тўловларини камайтириш ва кредитни тезроқ ёпишни истаганлар эса дифференциал усулини танлаш молиявий тарафдан тўғри бўлади. Юқорида келтирган мисоллар орқали (12 ой муддат, 15 млн сўм, 26% ставка мисолида) эса кредитни дифференциал усулда сўндириш 91 383,92 сўмга молиявий жиҳатдан фойдали деган хулосага келиш мумкин.