Кредитни ким яхшироқ қайтаради: эркакларми ёки аёллар?
Марказий банк ўтказган тадқиқот аёллар кредитни эркакларга нисбатан интизомлироқ қайтаришини кўрсатди. Энг юқори риск гуруҳи 20–30 ёшдагилар бўлиб, юқори фоизли ва ўрта муддатли кредитларда кечикиш даражаси кескин ошиши аниқланган.

Ўзбекистон Марказий банки жисмоний шахсларнинг кредит тўлаш хулқ-атворини ўрганиш мақсадида 5 миллионга яқин қарз олувчи ва 8,5 миллиондан ортиқ кредит шартномасини қамраб олган кенг кўламли тадқиқот ўтказди.
Аёллар кредитни масъулиятлироқ қайтаради
Тадқиқотнинг энг қизиқарли хулосаларидан бири аёлларнинг кредит қайтариш интизоми эркакларга қараганда сезиларли даражада юқори эканлигидир

Логит модели натижаларига кўра, аёлларнинг кредитни кечиктириш эҳтимоли эркакларга нисбатан 20-21 фоизга паст шаклланган. Аёлларнинг ўртача ойлик даромади эркакларникидан ўртача 1,6 баробарга кам бўлса-да, улар ўз мажбуриятларини бажаришда кўпроқ масъулият кўрсатишган
Халқаро тажриба (масалан, Бангладеш) шуни кўрсатадики, бу тенденция аёлларнинг ишончлилик даражаси юқорилиги билан боғлиқ
20-30 ёшли қарз олувчилар — асосий “риск” гуруҳи
Кредит тўловларини кечиктириш даражаси қарз олувчининг ёши билан тескари боғлиқ. Энг юқори кечиктириш даражаси 20-25 ёшли эркаклар (22,8%) ва 25-30 ёшли эркаклар (20,9%) гуруҳларида қайд этилган. Аёллар орасида ҳам энг юқори кечикиш айнан 20-25 ёшда (13,3%) кузатилади. 30 ёшдан бошлаб тўлов интизоми яхшиланади, 55 ёшдан ошганларда эса кечиктириш даражаси минимал кўрсаткичларга (12,5-13,2%) тушади. Бу ҳолат ёши катталарнинг барқарор иш ва кўпроқ тажрибага эга эканлиги билан изоҳланади.
Кредит қанчалик қиммат бўлса, хавф шунчалик юқори
Кредит қанчалик қиммат бўлса, уни қайтармаслик хавфи шунчалик юқори.
Кредит фоиз ставкаси 46 фоиздан ошганида портфель сифати кескин ёмонлашади. 62-76 фоизли сегментда ҳар учта кредитдан бири (33,7%) кечиктирилган.

Энг хавфли муддат — 24 ойдан 36 ойгача бўлган ўрта муддатли кредитлардир (19,8% кечикиш). Энг кам кечикиш эса 3 ойгача бўлган қисқа кредитларда (4,4%) кузатилган.
Онлайн кредитлар нисбатан хавфлироқ
Технологиялар қулайлик билан бирга банклар учун қўшимча рискларни ҳам келтириб чиқармоқда. Онлайн олинган кредитларни кечиктириш даражаси офлайн усулда олинганларга нисбатан юқори. Ўтказилган текширувлар офлайн кредит олганларнинг рискини 25 фоизга пастроқ баҳолаган.
Битта қарз олувчининг шартномалари сони ортиши билан тўлов интизоми чизиқли равишда ёмонлашади. Эркакларда 10 тадан ортиқ шартнома мавжуд бўлганда, кечикиш эҳтимоли 45,3 фоизгача чиқиб кетади.
Энг ишончли кредитлар қайсилар?
Тадқиқот энг барқарор портфель учинчи шахс кафиллиги асосида берилган кредитлар эканини кўрсатди. Бундай кредитларда кечикиш даражаси атиги 3,9–7,2 фоизни ташкил этади.
Агар кредитда қўшма қарз олувчи мавжуд бўлса, кечиктириш эҳтимоли 35 фоизга камаяди.









