Кредит ва бўлиб тўлаш рекламаларида якуний тўлов суммаси кўрсатиш мажбурий бўлади
2026 йил 1 сентябргача кредит, микроқарз, насия ва муддатли тўлов хизматлари рекламаларига янги талаблар ишлаб чиқилади. Уларда истеъмолчи қанча қўшимча ҳақ тўлаши ва якунда жами қанча маблағ қайтариши очиқ кўрсатилиши керак бўлади.

Президентнинг 2026 йил 15 июлдаги ПҚ–265-сон қарори билан кредит ва бўлиб тўлаш хизматлари рекламаларига янги талаблар жорий этилиши белгиланди. Ҳужжатга кўра, истеъмолчига товар ёки хизматнинг асл нархидан қанча ортиқча тўлаши ва якуний қиймати очиқ кўрсатилиши керак бўлади.
2026 йил 1-сентябрга қадар Рақобат қўмитаси Марказий банк ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритади.
Янги талаблар жисмоний шахсларга таклиф қилинадиган кредит, муддатли тўлов, насия савдоси ва бошқа молиявий хизматлар рекламаларига татбиқ этилади. Рекламада товар ёки хизматнинг жорий қийматига нисбатан қанча қўшимча тўлов ундирилиши ҳамда истеъмолчи якунда жами қанча маблағ тўлаши аниқ кўрсатилиши шарт бўлади.
Шунингдек, шартнома тузилаётган пайтда олдиндан аниқлаш имкони бўлмаган молиявий хизматларнинг келгусидаги даромадлилиги ёки самарадорлигини ваъда қилишга йўл қўйилмайди.
Микроқарз шартномаларининг дастлабки қисмида шартнома юзасининг камида 30 фоизини эгаллайдиган огоҳлантирувчи матн жойлаштириш таклиф этилмоқда. Реклама материалларида ҳам кредит олишнинг эҳтимолий салбий оқибатлари ҳақида огоҳлантириш берилиши керак бўлади.
Бундан ташқари, истеъмолчини чалғитувчи деб топилган кредит маҳсулотларини вақтинча ёки доимий тақиқлаш амалиётини жорий этиш режалаштирилган.
Аввалроқ Рақобат қўмитаси реклама тўғрисидаги қонунчилик шартларини бузганлиги учун 20 дан ортиқ банк ва микромолия ташкилотини жаримага тортганди.
Қўмитага кўра, айрим рекламаларда кредит ва омонатларнинг муҳим шартлари очиқ кўрсатилмаган, маълумотлар эса ноаниқ, майда шрифтда ёки тушуниш қийин шаклда берилган.









