Кредит олган шахс вафот этса, кредит тақдири нима бўлади?
Кредит олган одам кутилмаганда вафот этса, унинг ортида нафақат оғир йўқотиш, балки молиявий саволлар ҳам қолади. Энг кўп учрайдиган саволлардан бири “банк олдидаги мажбуриятлар тақдири нима бўлади?” деган ўйдир. Бунинг жавоби эса бир қатор омилларга боғлиқ.

Бугунги кунда кўпчилик турли эҳтиёжлар учун банк кредитларидан фойдаланади. Аммо ҳаёт кутилмаган синовларга тўла ва афсуски, ҳеч ким эртасидан кафолатланган эмас. Қарз олувчининг тўсатдан вафот этиши унинг яқинлари учун нафақат оғир жудолик, балки молиявий мавҳумликни ҳам келтириб чиқариши мумкин.
Хўш, бундай вазиятда банк олдидаги мажбуриятлар нима бўлади? Кредит шартномаси бекор қилинадими ёки қарз юки меросхўрларнинг бўйнига тушадими?
Биринчи навбатда ундирув кредит таъминотига қаратилади
Маълумки, кредит ажратилаётганда банклар таъминот сифатида учинчи шахслар кафиллиги, суғурта полиси ёки мол-мулк гаровини талаб қилади. Кредит олган шахс вафот этганда, банк биринчи навбатда айнан ушбу таъминот турларига мурожаат қилади:
- Агар кредит суғурталанган бўлса, қарзни суғурта компанияси қоплайди;
- Агар кафил мавжуд бўлса, тўлов мажбурияти кафил зиммасига ўтади.
Таъминот етарли бўлмаса ёки мавжуд бўлмаса-чи?
Агар юқоридаги чоралар билан қарзни ёпишнинг имкони бўлмаса (ёки кредит таъминотсиз олинган бўлса), қарздорлик ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетмайди. Бундай ҳолда ундирув меросхўрларга қаратилади.
Меросхўрларнинг жавобгарлиги
Қонунчиликда "мерос" деганда фақатгина уй-жой ёки машина каби мулклар тушунилмайди. Мерос таркибига марҳумнинг кредиторлари олдидаги мажбуриятлари (қарзлари) ҳам киради.
Мерос қолдирувчининг кредиторлари ўз талабларини васиятномани ижро этувчига (мерос бошқарувчисига) ёки бевосита меросхўрларга қўйишга ҳақлидир(Фуқаролик кодекси 1156-модда).
Меросхўрлар кредит бўйича тўлиқ сумма учун эмас, балки фақат ўзларига теккан мол-мулкнинг қиймати доирасида жавобгар бўладилар. Агар меросхўрлар бир нечта бўлса, улар қарз бўйича солидар қарздорлар сифатида жавоб беради.









