Кетма-кет пасайишлардан сўнг автомобиль бозори яна фаоллашди
Январь ойида автомобиль савдоларида умумий ўсиш қайд этилиб, тўрт ой давом этган пасайишдан сўнг бозорда тикланиш жараёни бошланди.

2025 йил январь ойида автомобиль савдоларида умумий ўсиш қайд этилиб, тўрт ой давом этган пасайишдан сўнг бозорда тикланиш жараёни бошланди. Бу ҳақида Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази хабар берди.
Мазкур ойда Ўзбекистонда жами 78,6 мингта автомобиль сотилган бўлиб, бу ўтган ойга нисбатан 9,5%га кўпдир. Ҳудудлар кесимида савдоларнинг энг катта ўсиши Сурхондарё (27%), Андижон (25%) ва Наманган (24%) вилоятларида кузатилди.

Бирламчи автомобиль бозорида
Ўзбекистоннинг енгил автомобиллар бирламчи бозорида ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда. Январь ойида янги автомобиллар савдоси 18,5% га ошиб, ўтган ойга нисбатан 4,1 минг донага кўпайди. Бироқ, йиллик кўринишда бу сегментда фаоллик 15% га пасайди. Маҳаллий ишлаб чиқарилган янги автомобиллар савдоси январь ойида 21,7 минг донани ташкил этиб, ўтган ойга нисбатан 3,3 мингтага ошди.
Хорижий автомобиллар
Хорижий автомобиллар бозорида ҳам ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда. Январь ойида янги ва фойдаланилган хорижий енгил автомобиллар савдоси 21%га ошиб, 4,9 минг донага етди. Бундан ташқари, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан савдолар 42% га ошди.
Иккиламчи бозор

Иккиламчи автомобиль бозорида ҳам фаоллик ошган. Январь ойида ушбу сегментда 52 мингта автомобиль сотилиб, бу ўтган йилнинг декабрь ойига нисбатан 5,4% га ўсди.
Электромобиллар
Сўнгги йилларда электромобилларга бўлган қизиқиш ортиб бормоқда. 2025 йил январь ойида электромобиллар бозорида янги ва фойдаланилган электромобиллар савдоси 5,5 минг донани ташкил этиб, ўтган ойга нисбатан 24% га ўсди. Фойдаланилган электромобиллар савдоси йил давомида 3,1 баробар, янги электромобиллар эса 1,3 баробар ошди.
Мавзуга доир: Ўзбекистонда уй-жой бозори қандай ўзгармоқда?