Кетма-кет пасайишлардан сўнг апрель ойида Ўзбекистонга автомобиль импорти яна кўпайди
Апрель ойида Ўзбекистонга 5111 дона енгил автомобиль олиб келинган бўлиб, ушбу миқдор 1,3 баробарга ошди.
Энг катта ўсиш электромобилларда бўлиб, уларнинг сони 6,8 баробарга кўпайиб, умумий импортдаги улуши 60 фоиздан ошди.
Шу билан бирга, бензинли ва гибрид автомобиллар импорти анча камайди.

Бир неча ойлик пасайишардан сўнг апрель ойида автомобиль импорти яна ошди.
Ўтган ойда Ўзбекистонга 5111 дона енгил автомобиль импорт қилинган бўлиб, уларнинг умумий қиймати $98,54 млнни ташкил этди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан миқдор жиҳатидан 1,3 баробар, қиймат жиҳатидан эса 1,1 баробар ошган.
Импорт таркибида бензинли автомобиллар сони 1 654 тага тушиб, 1,4 бараварга камайди. Уларнинг импорт қиймати $55,7 млндан $36,24 млнгача тушди (1,5 баравар пасайиш). Мазкур тоифадаги автомобиллар ўртача нархи эса ҚҚС ва божхона тўловларисиз 21,91 минг долларни ташкил этди.
Электр автомобиллари бўйича эса мутлақо бошқа ҳолат кузатилди. Уларнинг импорти сон жиҳатидан 470 донадан 3 193 тагача, яъни 6,8 баробар ошди. Қиймат кўрсаткичлари ҳам шунга мос равишда 6,9 баробар кўтарилиб, $57,08 млнни ташкил этди. Электромобилларнинг ўртача нархи $17,87 мингни ташкил этди.
Шунингдек, ўтган ойда 235 дона бензин ва электрда ҳаракатланувчи (гибрид) енгил автомобиль импорт қилинди. Бу кўрсаткич миқдор жиҳатидан 4,4 бараварга камайди. Гибрид автомобиллар умумий қиймати 78% га пасайиб, $4,62 млнни ташкил этди. Уларнинг ўртача нархи $21,17 мингдан $19,67 минггача тушди.
Апрель ойида мамлакатга йил бошидан бери илк бор 29 дона дизель двигателли енгил автомобиль импорт қилинди. Уларнинг умумий қиймати $586,1 мингни ташкил этди.
Ойлик ўсишга қарамасдан йил бошидан то шу кунгача мамлакатга автомобиль импорти миқдор жиҳатидан 2,17 бараварга — 14 068 тагача, қиймат жиҳатидан эса 2,68 бараварга — $213,55 млн гача камайди.