12 048.040 so‘m

decrease

-51.140

14 062.470 so‘m

decrease

-71.790

153.280 so‘m

decrease

-0.540

12 048.040 so‘m

decrease

-51.140

6 соат аввал
Банк
48

Капиталбанк ва Универсалбанк етакчи: 2025 йилда банклар фаоллиги қандай бўлди?

2025 йил якунлари бўйича банклар фаоллиги индекси эълон қилинди.

35 та тижорат банки 27 та кўрсаткич асосида баҳоланиб, йирик банклар орасида Капиталбанк, кичик банклар сегментида эса Универсалбанк етакчи деб топилди.

Банклар индекси ва уларнинг фаоллиги ҳақида батафсил:

Капиталбанк ва Универсалбанк етакчи: 2025 йилда банклар фаоллиги қандай бўлди?
Фото: AI/Pinkod.uz

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (ИТИМ) 2025 йил тўртинчи чорак якунлари бўйича янгиланган Банклар индексини эълон қилди. Тадқиқот 35 та тижорат банкини қамраб олиб, уларнинг 20 таси йирик, 15 таси эса кичик банклар тоифасига киритилган.

Индекс 27 та кўрсаткич асосида шакллантирилиб, банкларнинг операцион самарадорлиги, ликвидлик даражаси, активлар сифати, молиявий барқарорлиги ҳамда Базел талаблари ва ўртача мамлакат кўрсаткичлари билан солиштириш орқали баҳоланди.

2025 йил якунларига кўра, банк тизими активлари 892,9 трлн сўмни (74,2 млрд доллар), мажбуриятлари эса 759,8 трлн сўмни (63,1 млрд доллар) ташкил этди. Кредит қўйилмалари 13 фоизга, депозитлар ҳажми эса 31 фоизга ошди. Валюта операциялари улушининг қисқариши миллий валюта мустаҳкамланаётганини кўрсатди.

Йирик банклар

2025 йил тўртинчи чорак якунлари йирик банклар сегментида етакчи ўринлар асосан сақланиб қолганини кўрсатди. Рейтингда сезиларли қайта жойлашувлар кузатилмади.

Капиталбанк етакчиликни сақлаб қолган бўлса, Трастбанк иккинчи, Ҳамкорбанк эса учинчи ўринни эгаллади. Энг сезиларли ўсиш Ўзсаноатқурилишбанк ҳиссасига тўғри келиб, у рейтингда уч поғонага кўтарилди. Давр банк, Orient Finans Bank, Халқ банки ҳамда Ипотека банк ҳам ўз позицияларини яхшилади.

Шу билан бирга, йирик банклар тоифасида фақат икки банк — InFinBank ва Алоқабанкда пасайиш қайд этилиб, улар мос равишда 4 ва 3 поғонага пастлади. Умуман олганда, 13 та йирик банк умумий фаоллик рейтингида ўз ўрнини сақлаб қолди.

ИТИМ таъкидлашича, рақобат кучайиб бораётган шароитда мазкур натижалар банкларнинг операцион самарадорликни таъминлаш, ликвидликни бошқариш, активлар сифати ва молиявий барқарорликни сақлаш салоҳиятини акс эттиради.

Молиявий воситачилик йўналишида Tenge Bank ва Ipak Yuli Bank ресурсларни жалб қилиш ва жойлаштириш самарадорлиги пасайгани сабабли мос равишда 4 ва 3 поғонага тушди. Ўзмиллийбанк, Asia Alliance Bank, Anor Bank, Бизнесни ривожлантириш банки ҳамда Микрокредитбанк ҳам ушбу кўрсаткич бўйича бир поғонага пасайди.

Молиявий оммабоплик индексида ОФБ, Халқ банки, Агробанк, БРБ ва Ипотека банкда бир поғоналик пасайиш кузатилди. Активлар сифати бўйича йирик банкларнинг олтитасида салбий динамика қайд этилиб, Агробанк 3 поғонага, Ўзмиллийбанк, Трастбанк, Анор Банк, Алоқабанк ва Асака Банк эса 2 поғонадан пастлади.

Фойда кўрсаткичлари умумий ижобий ўсишни сақлаб қолган бўлса-да, даромад салоҳияти бўйича Ўзмиллийбанк ва Анор Банкда пасайиш кузатилди. Бошқарув самарадорлиги йўналишида Микрокредитбанк ва Анор Банк нисбатан заиф натижалар қайд этди.

Ликвидлик кўрсаткичлари бўйича йирик банкларнинг қарийб учдан бири ўз позициясини йўқотди. Хусусан, Давр банк 6 поғонага тушган бўлса, Агробанк ушбу индикатор бўйича энг қуйи ўринга жойлашди.

Кичик банклар

Кичик банклар сегментида нисбий барқарорлик сақланиб қолди. Рейтинг пешқадамлари ўз позицияларини мустаҳкам ушлаб турган бўлса, асосий ўзгаришлар ўрта сегментга тўғри келди. Айрим банклар молиявий воситачилик кўрсаткичларининг яхшиланиши ва даромад салоҳиятининг ошиши ҳисобидан рейтингда юқорилади.

Ушбу тоифага кирувчи 15 та банкдан 6 таси, жумладан етакчи Универсалбанк ҳамда ундан кейинги ўриндаги TBC Bank ўз ўрнини сақлаб қолди. Octobank бир поғонага кўтарилиб, учинчи ўринни эгаллади.

Шу билан бирга, беш банкда пасайиш қайд этилди. Энг катта пасайиш Ziraat Bank ҳиссасига тўғри келиб, умумий рейтингда дарҳол уч поғонага тушди. Apex Bank эса аксинча, уч поғонага кўтарилди. AVO Bank ва Madad Invest Bank ҳам ҳар бири икки поғонага юқорилаб, ўз позицияларини яхшилади.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+