Жорий йил якунида инфляция даражаси 8,7 фоиз атрофида шаклланиши прогноз қилинмоқда — Марказий банк
Регулятор инфляциянинг барқарор пасайиши учун муайян вақт кераклигини таъкидлади.

Ўзбекистонда инфляция йил якунида 8,7% атрофида шаклланиши кутилмоқда. Бу ҳақда Марказий банк бошқарувининг 11 сентябрь куни ўтказилган йиғилишида асосий ставкани йиллик 14% даражасида сақлаб қолиш тўғрисидаги қарорида маълум қилинди.
Марказий банкнинг таъкидлашича, жорий йилнинг иккинчи чорагида иқтисодий фаоллик ва истеъмол талабининг юқори суръатлари нархлар ўсишига босим кўрсатишда давом этган. Бироқ, ўтган йилги база таъсирининг йўқолиши ҳисобига август ойидан бошлаб инфляция пасайиш тенденциясига ўта бошлаган.
Август ойида умумий инфляция июль ойига нисбатан бироз пасайиб, йиллик ҳисобда 8,8% ни ташкил этди. Озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ўсиш суръатларининг секинлашиши фонида базавий инфляция 7,6% гача тушди. Шунга қарамай, энергия нархларининг ошиши хизматлар бозорида юқори инфляция шаклланишига олиб келмоқда.
Сўнгги ойларда мавсумий омиллар ва алмашув курсининг барқарорлашуви туфайли аҳолининг ҳамда тадбиркорларнинг инфляцион кутилмалари пасайиш тенденциясини кўрсатмоқда. Бироқ бу кутилмалар ҳозирча умумий инфляция даражасидан юқорилигича қолмоқда.
2025 йилнинг биринчи ярмида иқтисодий ўсиш 7,2% гача тезлашди. Ўсишга хизматлар соҳаси билан бир қаторда саноат, қурилиш ва қишлоқ хўжалигидаги фаоллик ҳам сезиларли таъсир кўрсатди. Шунингдек, трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажмининг ортиши, кредитлаш суръатларининг жадаллашуви, бюджет харажатларининг кенгайиши ва инвестицион фаоллик ялпи талабни қўллаб-қувватламоқда.
Бироқ ташқи омиллар — глобал инфляциянинг кутилганидан секинроқ пасайиши, халқаро озиқ-овқат нархларининг ўсиши ҳамда асосий савдо ҳамкор мамлакатлардаги юқори инфляция — келгусида импорт инфляциясининг кучайишига олиб келиши мумкин.
Шу сабабли Марказий банк йил якунида инфляция 8,7% атрофида шаклланишини прогноз қилмоқда. Қатъий пул-кредит сиёсати иқтисодиётда жамғариш жозибадорлигини сақлаш, кредитлаш суръатларини мувозанатлаш ҳамда пул бозорида ресурслар нархларини мутаносиб шакллантириш орқали инфляцияни жиловлашга хизмат қилади.
Марказий банк инфляциянинг барқарор пасайиши маълум вақт талаб этишини қайд этди. Агар нархлар ўсишини кучайтирувчи хавф ва омиллар юзага келса, пул-кредит сиёсатининг қатъийлиги қайта кўриб чиқилиши мумкинлиги ҳам маълум қилинди.