11 971.640 so‘m

decrease

-8.720

13 160.420 so‘m

increase

26.350

146.330 so‘m

increase

0.710

11 971.640 so‘m

decrease

-8.720

Якин 3 соат ичида
Иқтисодиёт
35

Жаҳонгир Ортиқхўжаев яна 6 та меҳмонхонани АҚШ компанияси таркибига ўтказмоқчи

Жаҳонгир Ортиқхўжаев оиласи назоратидаги АҚШ компанияси Тошкентдаги яна 6 та меҳмонхонани ўз таркибига қўшмоқчи. 

Жами 1 210 хонали мажмуа бўйича келишув 12 млрд сўмлик нарх ва 100 млн долларлик кредит мажбуриятларини назарда тутади. 

Аввалроқ ушбу компания таркибига 2019 йилда давлатга беғараз топширилиши ваъда қилинган Hilton Tashkent City меҳмонхонаси ҳам киритилган эди. 

Жаҳонгир Ортиқхўжаев яна 6 та меҳмонхонани АҚШ компанияси таркибига ўтказмоқчи
Иллюстратсия: Pinkod.uz

АҚШда рўйхатдан ўтган TEG Overseas компаниясининг Ўзбекистондаги шўбаси TEG SPV ва Dreams Island МЧЖ ўртасида Тошкентдаги Alfraganus меҳмонхоналар мажмуасини ўтказиш бўйича дастлабки келишув имзоланди. Бу ҳақда компаниянинг АҚШ Қимматли қоғозлар ва биржалар комиссиясига (SEC) 6 ноябрь куни тақдим этган ҳисоботида маълум қилинди.

3 ноябрда имзоланган келишувга кўра, TEG SPV Dreams Island’га тегишли меҳмонхоналар мажмуасини ўз балансига олиши режалаштирилмоқда. Ҳар иккала компания ҳам Жаҳонгир Ортиқхўжаевга тегишли AKFA Group таркибига киради. Шу сабабли битим активларнинг мустақил харидорга сотилишидан кўра, гуруҳ ичидаги корпоратив қайта ташкил этиш ҳисобланади.

Қайси меҳмонхоналар ўтказилмоқда?

Alfraganus мажмуаси Тошкент шаҳрининг Миробод туманида жойлашган бўлиб, олтита халқаро меҳмонхона бренди остида фаолият юритиши режалаштирилган объектларни бирлаштиради.

SEC’да эълон қилинган шартномага кўра, мажмуа таркибига қуйидаги меҳмонхоналар киради:

  • Hyatt Place — 201 хона;
  • Hilton Garden Inn — 200 хона;
  • Fairfield by Marriott — 204 хона;
  • ibis — 202 хона;
  • Holiday Inn Express — 202 хона;
  • Wyndham Garden — 201 хона.

Меҳмонхоналарнинг умумий сиғими 1 210 та хонани ташкил этади. Бундан ташқари, мажмуа таркибида 7 200 квадрат метр майдонга эга конференция ва тадбирлар маркази мавжуд.

TEG Overseas маълумотига кўра, Alfraganus қурилиши якуний босқичда бўлиб, объектлар босқичма-босқич фойдаланишга топширилмоқда. Барча меҳмонхоналарни 2027 йилнинг иккинчи чорагида ишга тушириш кутилмоқда.

12 млрд сўмлик битим ва 100 млн долларлик кредит

Томонлар ўртасидаги дастлабки келишувда Alfraganus мажмуасини ўтказиш нархи ҚҚС билан бирга 12 млрд сўм, яъни шартнома тузилган санадаги курс бўйича тахминан 1 млн доллар этиб белгиланган.

Бироқ ушбу сумма мажмуанинг тўлиқ иқтисодий қийматини акс эттирмайди. Шартномага кўра, TEG SPV Dreams Island’нинг Қозоғистоннинг Halyk Bank банки билан тузилган 100 млн долларлик кредит шартномаси бўйича мажбуриятларини ҳам ўз зиммасига олиши керак.

Кредит шартномаси 2025 йил 20 мартда тузилган бўлиб, маблағлар аввалги кредитни қайта молиялаштириш ва Alfraganus мажмуасини қуришга йўналтирилган.

Кредитнинг йиллик ставкаси 8 фоизни ташкил этади. Қарздорнинг айланмаси бўйича белгиланган шарт бажарилмаса, ставка 8,5 фоизга ошади. Асосий қарзни қайтариш 2027 йил апрелидан бошланиши, кредит эса 2031 йил охиригача тўлиқ қопланиши белгиланган.

Кредит бўйича кафиллар сифатида Artel Electronics, Artel Electronics Manufacturing, Quality Device ва AKFA Dream World компаниялари кўрсатилган. Таъминот таркибига меҳмонхона мажмуасининг бинолари, ускуналари ҳамда Dreams Island устав капиталидаги 100 фоизлик улуш гарови ҳам киради.

Ортиқхўжаевлар оиласининг АҚШдаги компанияси

TEG Overseas АҚШнинг Невада штатида рўйхатдан ўтган бўлиб, унинг акциялари OTC бозорида TEGO белгиси остида котировка қилинади.

Компания аввал StageWise Strategies Corp. номи остида фаолият юритган. 2026 йил 13 октябрда акциялар алмашинуви якунланиб, Ўзбекистондаги TEG SPV компаниясининг деярли 100 фоизлик улуши АҚШ компаниясининг корпоратив тузилмасига киритилган. Шундан сўнг StageWise Strategies ўз номини TEG Overseas’га ўзгартирган.

TEG Overseas акцияларининг 68,3 фоизи Tourism and Entertainment Group МЧЖга тегишли. Ушбу компаниянинг 99,93 фоиз улушига Жаҳонгир Ортиқхўжаев эгалик қилади.

TEG Overseas’нинг яна 31,14 фоиз акцияси эса унинг қизи Иродахон Абдуваҳидовага тегишли. У компания директорлар кенгаши аъзоси ҳам ҳисобланади.

АҚШдаги компания акцияларининг камида 99,4 фоизи Ортиқхўжаевлар оиласи назоратида.

Октябрдаги корпоратив битим натижасида TEG Overseas таркибига Hilton Tashkent City меҳмонхонасига эгалик қилувчи AKFA Dream World, Бухородаги Wyndham меҳмонхонасини бошқарувчи Cultural Landmark Hotel ва CAEx кўргазмалар марказига эгалик қилувчи компания киритилган эди.

Pinkod 29 октябрда эълон қилган суриштирувида Жаҳонгир Ортиқхўжаев 2019 йилда Hilton меҳмонхонаси қуриб битказилгач, давлатга беғараз топширилишини айтганига эътибор қаратган эди. Бироқ 2026 йилдаги SEC ҳужжатларида меҳмонхонага эгалик қилувчи AKFA Dream World оиланинг АҚШдаги компанияси таркибига киритилгани маълум бўлган.

Alfraganus бўйича янги келишув амалга ошса, TEG Overseas’нинг Ўзбекистондаги меҳмонхоналар портфели иккита объектдан саккизтага кенгаяди.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+