11 789.330 so‘m

increase

4.030

13 702.740 so‘m

increase

7.040

136.480 so‘m

increase

0.350

11 789.330 so‘m

increase

4.030

29 дақиқа аввал
Банк
89

Искандар Турсунов “Алоқабанк” бошқарув раиси ўринбосари этиб тайинланди

“Алоқабанк” Искандар Турсуновни ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича бошқарув раиси ўринбосари этиб тайинлади. Ушбу лавозим Президентнинг 30-июль куни ёшлар билан ўтказган очиқ мулоқотида берилган топшириқ асосида жорий этилди. Турсунов бир вақтнинг ўзида банк бошқаруви аъзолигига ҳам сайланди.

Искандар Турсунов “Алоқабанк” бошқарув раиси ўринбосари этиб тайинланди

“Алоқабанк” Кузатув кенгаши 3-сентябрь куни банк бошқарув тизимини такомиллаштириш масаласини кўриб чиқиб, ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш йўналиши учун алоҳида бошқарув раиси ўринбосари лавозимини ташкил этди. Мазкур лавозимга Искандар Умаржонович Турсунов тайинланди.

Янги лавозим Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2026 йил 30-июль куни ёшлар билан ўтказган очиқ мулоқотида берган топшириғи асосида жорий этилди. Унда “Алоқабанк”да ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш масалаларига масъул алоҳида бошқарув раиси ўринбосари лавозимини ташкил этиш вазифаси қўйилган.

Шундан келиб чиқиб, банк штатлар жадвалига яна битта бошқарув раиси ўринбосари лавозими қўшилди. Банкнинг раҳбарлик лавозимларига тайинлаш учун шакллантирилган кадрлар захирасидан ушбу лавозимга Искандар Турсунов номзоди танланган.

Турсунов раис ўринбосари лавозимига тайинланиши билан бирга “Алоқабанк” бошқаруви аъзолигига ҳам сайланди. Банк уставига кўра, бошқарув етти нафар аъзодан иборат бўлиши керак.

Шу сабабли амалдаги бошқарув аъзоси Олтибой Умирзакович Турсуновнинг ваколатлари муддатидан олдин тугатилди. Натижада Искандар Турсунов унинг ўрнига банк бошқаруви таркибига киритилади ва ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш йўналишига масъул бўлади.

Искандар Турсунов номзоди аввал “Алоқабанк” бошқарувининг 3-августдаги йиғилишида кўриб чиқилган. Кейинчалик банкнинг Кадрлар ва мукофотлаш қўмитаси 28-августдаги йиғилишида унинг номзодини дастлабки тарзда маъқуллаган.

Айни пайтда тижорат банклари бошқаруви раиси ва унинг ўринбосарлари лавозимига киришишдан олдин номзод Марказий банк билан келишилиши керак. Шу сабабли “Алоқабанк” бошқарувига Искандар Турсунов номзоди бўйича Марказий банкнинг келишувини олиш вазифаси юклатилган.

Бундан ташқари, банкнинг янги ташкилий тузилмасига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар аксиядорларнинг умумий йиғилиши кун тартибига киритилади.

Кузатув кенгашининг қарорини йиғилишда қатнашган 11 нафар аъзонинг барчаси қўллаб-қувватлаган. Қарши ва бетараф овозлар бўлмаган.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+