Иш вақтидан ташқари меҳнат учун ҳақ тўлаш тартиби ўзгарди
Эндиликда иш вақтидан ташқари меҳнат учун тўланадиган ҳақ иш соатлари миқдорига қараб белгиланади: биринчи икки соат учун камида 1,5 баробар, икки соатдан ортиқ қисми учун эса камида икки баробар миқдорда ҳақ тўланади. Илгари эса иш вақтидан ташқари бажарилган меҳнат учун иш соатига қарамасдан икки ҳисса ҳақ тўланар эди.

Иш вақтидан ташқари меҳнат ҳақи тўлаш тартиби янгиланди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий ахборот канали маълум қилди.
2025 йил 11 ноябрь куни қабул қилинган ЎРҚ–1095-сонли Қонун билан бир қатор қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Ушбу ўзгартишлар Миграция агентлиги ваколатларини аниқлаштириш, хусусий бандлик агентликларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини кенгайтириш, шунингдек иш вақтидан ташқари меҳнат учун ҳақ тўлаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган.
Қонунга мувофиқ, хусусий бандлик агентликларига қуйидаги янги ҳуқуқлар берилди:
- иш қидираётган шахслар учун касб-ҳунар ва чет тиллари бўйича ўқув курсларини ташкил этиш ҳамда бу жараёнга чет эл иш берувчиларини жалб қилиш;
- захира маблағларини тижорат банкларидаги депозитларга жойлаштириш ва улардан олинган фоиз даромадларидан мустақил равишда фойдаланиш.
Шунингдек, Меҳнат кодексига киритилган ўзгартишларга кўра:
Шунингдек, Меҳнат кодексига киритилган ўзгартишларга кўра, иш вақтидан ташқари меҳнатнинг йиллик 120 соатдан ошмаслиги ҳақидаги чеклов бекор қилинди ва иш вақтидан ташқари меҳнат ҳақи тўлашнинг аниқ тартиби белгиланди. Бунда:
- биринчи 2 соат учун — камида 1,5 баробар,
- 2 соатдан ортиқ қисми учун — камида 2 баробар миқдорда ҳақ тўланади.
Аввал амалда бўлган тартибга кўра, иш вақтидан ташқари бажарилган меҳнат учун иш соати миқдорига қарамасдан икки ҳисса ҳақ тўланар эди.









