Ипотека кредити ва уй-жой қурилиши бўйича қандай янгиликлар кутилмоқда?
Агар қурувчи қурилишни 3 ой муддат ичида бошламаса, ер қайтариб олиниб, қайтадан аукционга чиқарилади.
2025 йилда 70 минг хонадон учун ипотека кредитлари ажратилиши назарда тутилган бўлиб, улардан 30 мингтасига кредит бошланғич бадалини тўлаш учун субсидия берилади.
Шунингдек, уй учун тўланган маблағларнинг бир қисмини кешбек шаклида қайтариш бўйича таклифлар ишлаб чиқилади.
23 январь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ипотека дастури доирасида 2024 йилда амалга оширилган ишлар ва 2025 йил учун режалар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда “Янги Ўзбекистон” массивларини барпо этиш ва уй-жой қурилишини янги босқичга олиб чиқиш бўйича бир қатор режалар маълум қилинди.
Лойиҳалаш ишлари эндиликда 2 ойдан, қурилишни бошлаш эса 3 ойдан ортиқ давом этмаслиги шарт қилиб белгиланди. Бу талаб бузилса, ер қайтариб олиниб, қайта аукционга чиқарилади. Шунингдек, лойиҳа экспертизаси 15 кундан ортиқ кечиктирилган ҳолларда ташкилотнинг лицензияси вақтинча тўхтатилади.
Қурувчи ташкилотлар учун янги имтиёзлар жорий этилиб, қурилиш якунлангунга қадар, лекин кўпи билан 12 ой давомида ер солиғи ундирилмайди. Агар объект ўз вақтида топширилмаса, ер солиғи икки баравар ундирилади.
Фуқаролар учун ҳам бир қатор янги имкониятлар яратилади.
Девелоперлар объектнинг 50% қисмини қуриб бўлганидан кейин фуқароларда уларни кредит ва субсидияга олиш имконияти пайдо бўлади. Хорижда ишлаб, охирги 6 ой давомида мунтазам пул ўтказган фуқаролар даромади асосида кредит олиш имкониятига эга бўладилар.
2030 йилгача камида 100 та “Янги Ўзбекистон” массиви барпо этилиши режалаштирилган бўлиб, улар аҳоли гавжум ҳудудларга яқин жойлаштирилади. Ҳар бир массивда 100 минг квадрат метр хонадон қуриш режаси белгиланган. Жорий йилда массивларнинг инфратузилмаси учун 1,2 триллион сўм ажратилади.
2025 йилда 70 минг хонадон учун ипотека кредити тақдим этилади. 30 минг хонадон учун кредитнинг бошланғич бадалига бюджетдан субсидия тўланади. Ушбу дастурларни молиялаштириш учун бюджетдан 15,5 триллион сўм, банклар томонидан қўшимча 10 триллион сўм, “Ипотека компанияси” томонидан эса 2,3 триллион сўм ажратилади.
Шунингдек, яширин иқтисодиётни қисқартириш мақсадида янги уй-жой харид қилган фуқароларга тўлаган маблағининг бир қисмини кэшбек сифатида қайтариш бўйича таклифлар ишлаб чиқилади.