Илон Маск Tesla ва SpaceX’ни бирлаштиришни кўриб чиқмоқда
Икки компания эҳтимолий бирлашувни ўрганиш учун махсус қўмиталар тузган. Tesla ва SpaceX’нинг жами баҳоси тахминан 3,5 трлн долларни ташкил этади. Бирлашув амалга ошса, бу тарихдаги энг йирик битимлардан бири бўлиши мумкин.

Илон Маск Tesla ва SpaceX’ни бирлаштириш имконияти кўриб чиқилаётганини маълум қилди. У бу ҳақда 20 октябрь куни SpaceX’нинг чораклик натижалари юзасидан молиявий таҳлилчилар билан мулоқотда гапирган, деб ёзмоқда BBC.
Маск бирлашувни маъқуллаган, бироқ махсус қўмиталар ҳозирча битим шартлари бўйича келишмаганини айтган. Уларнинг келишувга эришиши ҳам кафолатланмаган.
BBC маълумотига кўра, Tesla тахминан 1,5 трлн долларга, SpaceX эса 2 трлн долларга баҳоланмоқда. Бу рақамлар компанияларнинг жорий баҳосини ифодалайди — эҳтимолий битим қиймати ҳали белгиланмаган.
Маск чиплар, сунъий интеллект ва дастурий таъминот соҳаларидаги ишлар икки компанияни бирлаштириш учун асос бўлиши мумкинлигини билдирган. Tesla ва SpaceX компьютер чиплари ишлаб чиқаришга қаратилган Terafab лойиҳасида ҳам ҳамкорлик қилмоқда.
Ҳар икки компания раҳбари сифатида манфаатлар тўқнашуви мавжудлиги сабабли Маск махсус қўмиталар таркибига кирмаган. Унинг айтишича, якуний қарор акциядорларга боғлиқ бўлиб, бирлашув Tesla акциядорларининг камида 50 фоизи томонидан маъқулланиши керак.
Хабар ортидан асосий савдо сессиясидан кейинги савдоларда SpaceX акциялари 8 фоизга, Tesla акциялари эса 2 фоизга кўтарилган.
Аввалроқ Tesla ва SpaceX билан ҳамкорликда Tesla Roadster учувчи электромобилларини тақдим этган эди.









