Ижтимоий ҳимоя ягона реестрига киритилганларга 12% миқдорида оширилган кешбэк берилади
Кешбэк 9 турдаги маҳсулотлар — қўй гўшти, парранда гўшти, мол гўшти, тухум, ўсимлик ёғи, ун, шакар, дори воситалари ва тиббий хизматлар хариди учун тақдим этилади.
Давлат томонидан ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларга ёрдам бериш мақсадида, Солиқ мобил иловаси орқали одатий 1% эмас, балки оширилган 12% миқдорда кешбэк олиш имконияти мавжуд.
Ижтимоий кешбэк “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га киритилган жисмоний шахсларга, чакана савдо объектларидан айрим товарларни сотиб олганида харид суммасидан 1% миқдордаги кешбэк ўрнига, 12% ҚҚС суммасини қайтариш орқали берилади.
Бугунги кунда қўй гўшти, парранда гўшти, мол гўшти, тухум, ўсимлик ёғи, ун, шакар, дори воситалари ва тиббий хизматлар учун ҚҚС қайтарилади.
Бунинг учун “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га киритилган истеъмолчи Солиқ иловасини юклаб олиб, Face ID ёрдамида рўйхатдан ўтади ва иловада харид чекининг QR-кодини сканерлаши керак. “Ижтимоий кешбэк”ни “Кешбэк ва имтиёзлар” бўлимида кузатиб бориш мумкин.
ҚҚС қайтаришда қуйидагилар ҳисобга олинади:
- харид қилинган товар ҚҚС қайтариладиган маҳсулотлар рўйхатига киритилганлиги;
- харидор “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га киритилганлиги;
- тадбиркор ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтганлиги.
Мазкур кешбэк “Ижтимоий ҳимоя реестри”даги фуқароларга ойига 3,4 млн сўм (БҲМнинг 10 баравари) миқдоридаги харидлар доирасида қайтарилади;
ҚҚС суммасини чек рўйхатдан ўтказилган ойдан кейин ойнинг 25-санасидан сўнг Солиқ мобил иловаси орқали қайтариб олиш мумкин