11 789.330 so‘m

increase

4.030

13 702.740 so‘m

increase

7.040

136.480 so‘m

increase

0.350

11 789.330 so‘m

increase

4.030

1 соат аввал
Иқтисодиёт
53

Humo Air иккинчи бор хусусийлаштирилади — 27,2 млрд сўмлик аввалги битим бекор қилинган

2022 йилда 27,2 млрд сўмга хусусийлаштирилган Humo Air яна давлат тасарруфига қайтарилиб, қайта сотувга қўйилади. Авиакомпанияни сотиб олган ValleyRoad Capital билан тузилган шартнома бекор қилинган, бироқ мулк ҳуқуқининг давлатга тўлиқ ўтиши ҳали расмийлаштирилмоқда.

Humo Air иккинчи бор хусусийлаштирилади — 27,2 млрд сўмлик аввалги битим бекор қилинган

Ўзбекистон Humo Air авиакомпаниясини иккинчи марта хусусийлаштирмоқчи. Президентнинг 28 августдаги ПФ-177-сон фармонида компаниянинг 100% давлат улушини 2026–2027 йилларда оммавий савдоларга чиқариш белгиланган.

Бироқ Humo Air бундан қарийб тўрт йил олдин ҳам хусусийлаштирилган эди. 2022 йил охирида Швейцариянинг ValleyRoad Capital S.A. инвестиция компанияси авиакомпаниянинг 100% давлат улушини 27,2 млрд сўмга, ўша вақтдаги курс бўйича қарийб 2,4 млн долларга сотиб олган.

Битим доирасида инвестор фақат компания учун пул тўлаш билан чекланмаслиги керак эди. ValleyRoad Capital 2026 йилгача Humo Air паркини 18 та самолёт билан тўлдириш, шундан дастлабки учтасини 2023 йил июнь охиригача олиб келиш мажбуриятини олган. Бундан ташқари, беш йил ичида мунтазам йўналишлар сонини 60 тага етказиш ва компания ходимларининг камида 80%ини Ўзбекистон резидентлари ташкил этиши кўзда тутилган.

Амалда авиакомпаниянинг лоукостер сифатидаги мунтазам йўловчи ташиш фаолияти режалаштирилганидан кечроқ бошланди. Humo Air 2023 йил декабрида Тошкентдан Нукус, Самарқанд, Урганч ва Қаршига парвозларни йўлга қўйди. Кейинчалик Фарғона ҳамда Самарқанд–Урганч йўналишлари қўшилди.

Бироқ 2024 йил мартига келиб авиакомпания барча мунтазам қатновларини вақтинча тўхтатди. Ўша пайтда фойдаланилган иккита Airbus A320-200 самолёти Болгариянинг Fly2Sky компаниясига қайтарилди. Humo Air буни амалдаги лизинг шартлари тасдиқланган бизнес-режа бўйича ривожланиш имконини бермаётгани билан изоҳлаган эди.

Энди Давлат активларини бошқариш агентлиги ValleyRoad Capital билан тузилган шартнома бекор қилинганини маълум қилди. Агентликка кўра, бунинг натижасида Humo Air’даги 100% улуш давлатга қайтарилади ва мулк ҳуқуқининг ўтиши яқин кунларда расмийлаштирилади. Шартнома айнан қайси асосга кўра бекор қилингани ҳозирча очиқланмаган.

Айни пайтда давлатнинг ўз маълумотлар базаларида ҳам бу жараён ҳали якунланмагани кўринади. Давлат активларини бошқариш агентлигининг корпоратив бошқарув порталида Humo Air’даги давлат улуши 49% деб кўрсатилмоқда. Корхоналар ҳақидаги очиқ реестр маълумотларида эса ValleyRoad Capital МЧЖ 51%, Давлат активларини бошқариш агентлиги 49% улуш билан таъсисчи сифатида қайд этилган.

Шу тариқа, президент фармонидаги 100% давлат улуши компаниянинг амалдаги реестрдаги тузилмасини эмас, ValleyRoad Capital билан битим бекор қилингач давлатга қайтарилиши режалаштирилган тўлиқ пакетни англатади.

Humo Air давлатга тўлиқ қайтарилгач, ушбу пакет яна янги инвесторга таклиф қилинади. Бу билан авиакомпания қисқа вақт ичида иккинчи марта хусусийлаштириш жараёнидан ўтади.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+