HUMO 2024 йилги фойдасини тақсимлади
HUMO 2024 йилда олган 168,3 млрд сўмлик соф фойданинг 32,5 фоиз ёки 64,7 млрд сўми давлатга дивиденд сифатида тўланади. Қолган асосий қисми, 105,1 млрд сўм (62,5 фоиз), компания ихтиёрида ривожланиш ва инвестиция дастурларига йўналтириш учун қолдирилди.

“Миллий банклараро процессинг маркази” АЖ (HUMO) 2024 йилда олган 168 млрд 261,6 млн сўм миқдоридаги соф фойдасини тақсимлади.
2024 йил якуни бўйича олинган соф фойданинг 32,5 фоизи, яъни солиқлар ҳисобга олинган ҳолда 54 млрд 685 млн сўм давлат улушига тўғри келадиган дивиденд сифатида тўланади. Бу ҳар бир акция учун 541,21 сўмни ташкил этади. Мазкур маблағ тўлиқ ҳолда давлат бюджетига ўтказилади.
Шунингдек, соф фойданинг 62,5 фоизи ёки 105 млрд 163,5 млн сўми компания ихтиёрида қолдирилади. Қолган 5 фоиз қисми, яъни тахминан 8,4 млрд сўм жамиятнинг захира фондига йўналтирилади.
Апрель ойида Pinkod компаниянинг тақсимланмаган соф фойдаси 1-чорак бошидан бери 203,3 млрд сўмдан 251,3 млрд сўмгача етгани ҳақида хабар берган эди. Бу эса HUMO ширкатининг давлатга дивиденд сифатида тўланиши лозим бўлган 203,3 млрд сўм билан бирга сотиб олинганини англатади. Чунки ушбу даврда HUMO юз фоиз давлат мулки бўлган.
Яъни, HUMO’ни харид қилиш Paynet’га 65 млн АҚШ доллари ёки ўша пайтдаги Марказий банк курси бўйича ҳисоблаганда 843,2 млрд сўмга эмас, балки дивидендлар чиқариб ташланганда тахминан 640 млрд сўмга тушган.
Бироқ шунга қарамай, ҳозирги қарорга мувофиқ давлатга фақат 32,5 фоизлик қисми дивиденд сифатида тўланмоқда.
Хусусийлаштиришдан кейин HUMO фойдасининг ўсиши
Хусусийлаштиришдан кейин HUMO тарифларни айрим йўналишларда 3 баробаргача оширган. Натижада, 2025 йилнинг биринчи ярмида унинг соф фойдаси 73 фоизга, учинчи чоракда эса 88 фоизга ўсган.
Шунингдек, жорий йилдан бошлаб HUMO IT-Park резиденти мақомини олиб, 7,5 фоизлик солиқ имтиёзидан фойдаланмоқда. 2025 йилнинг ўтган тўққиз ойи давомида компания давлатга 14,4 млрд сўм даромад солиғи тўлаган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 7,6 млрд сўмга кам.









