12 831.810 so‘m

decrease

-25.540

14 606.450 so‘m

decrease

-66.360

163.750 so‘m

increase

0.300

12 831.810 so‘m

decrease

-25.540

2 кун аввал
Иқтисодиёт

Humans Ўзбекистон ҳукуматига қарши халқаро арбитражга мурожаат қилди

Компания Марказий банк ва “Ўзбектелеком” ҳаракатлари инвестиция ҳуқуқларини бузганини даъво қилмоқда. 

Иш ҳозирда Жаҳон банки ҳузуридаги Инвестицион низоларни ҳал қилиш халқаро марказида кўриб чиқилмоқда. 

Pinkod воқеалар хронологиясини тақдим этади.

Humans Ўзбекистон ҳукуматига қарши халқаро арбитражга мурожаат қилди
Фото: AI / Pinkod.uz

Ўзбекистондаги Humans Companies АЖ’нинг эгаси, Сингапурда рўйхатдан ўтган Humans Mobile Ltd. компанияси Ўзбекистон ҳукуматига қарши халқаро арбитраж судига — Жаҳон банки ҳузуридаги Инвестицион низоларни ҳал қилиш халқаро марказига (ICSID) расмий даъво киритди. 2025 йил 30 май куни тақдим этилган ариза (ICSID Case No. ARB/25/24) марказ томонидан рўйхатга олинган бўлиб, ҳозирда кўриб чиқилмоқда.

Ишда жавобгар сифатида Ўзбекистон Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат манфаатларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш бошқармаси кўрсатилган.

Даъво асосида 2003 йил 15 июлда Ўзбекистон ва Сингапур ўртасида имзоланган, 23 ноябрда кучга кирган “Инвестицияларни рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш тўғрисида”ги икки томонлама битимнинг бузилиши кўрсатилган.

Humans Mobile’нинг таъкидлашича, компанияга етказилган зарар Ўзбекистон Марказий банки ва “Ўзбектелеком” томонидан амалга оширилган ҳаракатлар натижасидир. Шу сабабли, кўрилган зарар учун компенсация талаб қилинмоқда.

Марказий банк ва UPay воқеалари

Humans’нинг муаммолари 2024 йил кузида бошланган. Ўзбекистон Марказий банки 2024 йил октябрда компанияга қарашли тўлов ташкилоти — Мародқанд (UPay) фаолиятини 6 ой муддатга тўхтатди. Расмий баёнотга кўра, UPay қимор ўйинларига ноқонуний пул ўтказмаларига йўл қўйган.

Ҳолат шундаки, 2022 йилда Humans компанияси UPay’ни бутунлай сотиб олган ва унга асосланган ҳолда тўлов хизматларини "Humans Pay" бренди остида тақдим этишни бошлаган эди.

Чеклов эълон қилингач, Humans бош директори Владимир Добрынин бу қарорни адолатсизлик деб атап, компания чеклов сабаблари ҳақида фақат оммавий ахборот воситаларидан хабар топганини билдирган.

Марказий банкнинг ўша вақтдаги раиси Мамуризо Нурмуродов эса қуйидагича изоҳ берган эди:

“Upay ноқонуний операциялар билан шуғуллангани сабабли биз уни уч марта огоҳлантирдик. Чеклов айнан қимор ўйинлари билан боғлиқ фаолият туфайли жорий этилди”.

Мазкур чеклов Humans’нинг молиявий барқарорлигига салбий таъсир кўрсатди. Очиқ маълумотларга кўра, 2025 йилнинг биринчи чорагида Humans 12,6 миллиард сўм зарар кўрган.

Кейинчалик эса, Марказий банк Банк назорати қўмитасининг қарорига асосан “Мароқанд” АЖга нисбатан аввал жорий этилган айрим тўлов хизматларига доир чекловлар бекор қилинди.

Humans ва Ўзбектелеком ўртасидаги можаролар

2025 йил май ойида Humans компанияси “Ўзбектелеком”га қарши Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасига шикоят билан мурожаат қилди. Унга кўра, давлат оператори монопол нархлар қўллаб, интернет тезлигини атайлаб туширган.

Компаниянинг билдиришича, "Ўзбектелеком" улар билан ҳисоб-китобдаги қарздорликни баҳона қилиб, бошқа операторларга нисбатан дискриминацион шартлар қўллаган ва бу орқали хизмат сифатини сунъий равишда ёмонлаштирган.

Добрыниннинг баёноти

“Биз ҳар доим Ўзбекистонга ва унинг халқига ишониб келганмиз, ва бу ишончимиз ҳануз ўзгармаган. Президентнинг иқтисодиётни замонавийлаштириш, рақамлаштириш ва тадбиркорлик эркинлигини кенгайтириш йўлида қилаётган ҳаракатларини чин дилдан қадрлаймиз.

Аммо шуни ҳам англаймизки, бу ўзгаришлар йўлида эркин бозор ва очиқлик тарафдори бўлмаган кучлар ҳам бор. Биз қонун устувор бўлган, амалдорларнинг ўзбошимчаликларидан холи Ўзбекистонни қўллаб-қувватлаймиз”, — дейди Humans Group асосчиси ва бош директори Владимир Добрынин.

Унинг қўшимча қилишича, “арбитраж — инвесторлар ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиши учун дунё бўйлаб тан олинган нормал ва қонуний восита” бўлиб, бу иш адолатли ва башорат қилинадиган тартиб-қоидаларни мустаҳкамлашга, шунингдек, тадбиркорлик муҳитини яхшилашга хизмат қилиши керак.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2025 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+