Goldman Sachs 2026 йил охири учун олтин прогнозини $5 400 га кўтарди
Goldman Sachs 2026 йил охирига бориб олтин нархи бир унция учун 5 400 долларгача етишини прогноз қилмоқда. Банкнинг бундан аввалги баҳоси 4 900 доллар эди. Бироқ қимматбаҳо металл бу даражадан аллақачон ошиб, ҳозирда 5 000 долларлик психологик чегарага деярли етиб бўлди.

Goldman Sachs банки 2026 йил охирига бориб олтин нархи бир унция учун 5 400 долларга етишини кутмоқда. Бундан аввалги ҳисоботда бу прогноз 4 900 доллар эди.
Қизиғи шундаки, олтин нархи аллақачон 4 900 доллардан ошиб бўлди ва психологик чегара – 5 000 долларга қараб кўтарилмоқда.
Хабар тайёрланаётган пайтда қимматбаҳо металлнинг бир унцияси максимал 4 990 долларгача кўтарилди, соат 02:43 ҳолатига кўра эса нарх 4 980 долларни ташкил этди.
Банк таҳлилчиларининг таъкидлашича, бунинг асосий сабаби хусусий инвесторлар томонидан олтин томон диверсификациянинг реал босқичга ўтганидир. Инвесторлар кучайиб бораётган глобал хавфлар фонида ўз капиталини ҳимоялашга интилмоқда.
Жумладан, геосиёсий беқарорлик, урушлар ва сиёсий кескинликлар глобал рискларни кучайтирмоқда. Шунингдек, сунъий интеллектга йирик инвестициялар билан боғлиқ ноаниқликлар, фонд бозорида акциялар ҳаддан ташқари қимматлашгани ва АҚШ Федерал резерви сиёсатидаги аниқлик етишмаслиги инвесторларни олтин томон йўналтирмоқда.
Ҳисоботда олтин нархини қўллаб-қувватлаётган асосий омиллар сифатида геосиёсий хавфларнинг кучайиши, марказий банклар томонидан олтин харидларининг барқарор давом этиши ва Федерал резерв томонидан фоиз ставкаларини пасайтириш эҳтимоли кўрсатилган.
Таҳлилчиларга кўра, ривожланаётган бозорлар марказий банклари ҳамда хусусий инвесторлар ноаниқлик шароитида олтинни ишончли ҳимоя воситаси сифатида танламоқда ва ҳозирча бу талаб сусайгани йўқ.
Goldman Sachs ушбу омилларни инобатга олган ҳолда олтинни 2026 йил учун энг юқори ишончга эга инвестиция ғояси деб баҳоламоқда. Банк фикрича, агар ҳозирги тенденциялар сақланиб қолса, олтин нархлари яқин ойлар ва йилларда ҳам ўсишда давом этиши мумкин.
Шунингдек, ҳисоботда ушбу прогноз хусусий инвесторлар йил охиригача ўз позицияларини сақлаб қолади деган тахминга асослангани таъкидланади. Бунга глобал қарз юкининг ошиши, иқтисодий хатарларнинг кўпайиши ва ҳаддан ташқари баҳоланган акциялардан босқичма-босқич чиқиш тенденцияси сабаб бўлмоқда. Олтин жорий йилнинг ўзида сезиларли даражада қимматлашган бўлса-да, Goldman Sachs уни 2026 йил учун энг устувор ва энг ишончли актив сифатида кўрмоқда.









