Fonon заргарлик заводи 316,7 млрд сўмга сотувга қўйилди
“Фонон” заргарлик заводига эгалик қилувчи “Gold Moon Tashkent” компаниясидаги 100 фоиз давлат улуши аукционга чиқарилди.
Корхона 2026 йилнинг биринчи ярмида 33,4 млрд сўм фойда кўрган, бироқ унинг мажбуриятлари активларидан 107,3 млрд сўмга кўп.
Янги мулкдор компанияни 305,9 млрд сўмлик кредиторлик қарзи билан бирга қабул қилади.

Давлат активларини бошқариш агентлиги “Gold Moon Tashkent” МЧЖдаги 100 фоиз давлат улушини очиқ аукционга қўйди. Компания Тошкент шаҳри Чилонзор туманидаги Fonon заргарлик заводига эгалик қилади.
Давлат улушининг бошланғич нархи 316,7 млрд сўм этиб белгиланган. Аукцион 28 сентябрь куни соат 10:00 да бошланади, аризалар эса шу куни соат 09:00 гача қабул қилинади.
Савдода қатнашиш учун 9,5 млрд сўм закалат киритиш талаб этилади. Аукцион нархни ошириб бориш усулида ўтказилиб, биринчи қадам бошланғич нархнинг 5 фоизи ёки 15,8 млрд сўмни ташкил қилади.
Компания тасарруфида 2,56 гектар ер ҳамда умумий майдони 11,4 минг квадрат метр бўлган бино ва иншоотлар мавжуд. Асосий фондларнинг баланс қиймати 110,7 млрд сўм, эскириш даражаси эса 33,2 фоизга тенг.
Корхонанинг молиявий натижалари сўнгги ярим йилда сезиларли яхшиланган. “Gold Moon Tashkent” 2025 йилда 413,8 млрд сўм даромад олиб, йилни 7,8 млрд сўм зарар билан якунлаган. Бир йил олдин зарар 12,3 млрд сўм эди.
2026 йилнинг биринчи ярмида эса даромад 281,9 млрд сўмга, соф фойда 33,4 млрд сўмга етган. Шу тариқа корхонанинг соф фойда маржаси қарийб 11,8 фоизни ташкил қилган.
Бироқ компаниянинг мажбуриятлари ҳали ҳам активларидан анча юқори. 1 июль ҳолатига активлар 443 млрд сўмни, мажбуриятлар эса 550,3 млрд сўмни ташкил этган. Натижада соф активлар минус 107,3 млрд сўм даражасида қолмоқда.
Таққослаш учун, 2025 йил охирида манфий соф активлар 140,8 млрд сўм эди. Демак, бу кўрсаткич ярим йилда 33,5 млрд сўмга ёки қарийб 24 фоизга яхшиланган, аммо ҳали мусбат даражага чиқмаган.
Компаниянинг кредиторлик қарзи 305,9 млрд сўмга тенг, бу аукциондаги бошланғич нархнинг қарийб 97 фоизи. Кредиторлик қарзи харид нархига қўшиб давлатга тўланмайди, бироқ компания мажбурияти сифатида унинг балансида қолади.
Бундан ташқари, корхона балансидаги бино ва иншоотларга тижорат банки томонидан тақиқ қўйилган. Лот ҳужжатларида тақиқ қайси банк томонидан ва қандай мажбурият доирасида қўйилгани кўрсатилмаган.
Харидор аукцион қийматини 36 ойгача бўлиб тўлаши мумкин. Агар дастлабки тўлов харид нархининг 35 фоизидан кам бўлса, қолган суммага Марказий банкнинг асосий ставкаси даражасида фоиз ҳисобланади.
Лот шартларида янги мулкдорга қўшимча инвестиция киритиш ёки иш ўринларини сақлаб қолиш бўйича алоҳида мажбурият юкланмаган.
“Gold Moon Tashkent” 2019 йилда ташкил этилган. Унинг негизидаги завод 2021 йилда ишга туширилган бўлиб, лойиҳа қиймати қарийб 21 млн долларга баҳоланган.









