Эндиликда бозор нархидан паст сотилган кўчмас мулк бўйича солиқ базаси қайта ҳисобланиши мумкин
Ҳукумат кўчмас мулк ва ёғоч маҳсулотлари бўйича солиқни бозор нархи асосида ҳисоблаш тартибини тасдиқлади.
Агар ҳужжатлардаги сотув нархи ўртача бозор қийматидан 20 фоиз ёки ундан кўпроқ паст кўрсатилса, солиқлар бозор нархидан келиб чиқиб ҳисобланади.
Бозор нархи нотариал тизим, биржа котировкалари, давлат харидлари, аукцион платформалари, ОАВ ва интернетдаги очиқ маълумотлар асосида аниқланади.

Вазирлар Маҳкамаси айрим товарлар бўйича солиқ базасини уларнинг бозор нархидан келиб чиқиб аниқлаш тартибини тасдиқлади. Янги тартиб 2026 йил 1 июлдан бошлаб жорий этилади.
Янги тартибга Солиқ кодексининг 248-моддаси асос қилиб олинган. Унга кўра, товарлар ёки хизматлар бўйича битимлар бозор нархидан сезиларли даражада юқори ёки паст нархда амалга оширилган тақдирда, солиқ органлари солиқ базасига тузатиш киритиши мумкин.
Низом кўчмас мулк объектлари ҳамда ёғоч маҳсулотларига нисбатан қўлланади. Солиқ базаси бўйича тузатишлар ҳужжатларда кўрсатилган нарх бир хил ёки ўхшаш товарнинг ўртача бозор нархидан 20 фоиз ва ундан кўпроқ паст бўлган ҳолларда киритилади.
Таққосланадиган бозор нархини аниқлашда ўхшаш ёки бир турдаги товарлар бўйича олди-сотди шартномаларида кўрсатилган харид нархлари инобатга олинади. Бунда етказиб бериш шартлари, битим амалга оширилган жой — туман, шаҳар ёки ҳудуд, шунингдек, солиқ органлари учун аҳамиятли бўлган бошқа маълумотлар ҳам ҳисобга олиниши мумкин.
Солиқ органлари бозор нархини аниқлашда ягона автоматлаштирилган нотариал тизим маълумотлари, божхона тўловларини ҳисоблашда фойдаланиладиган қиймат ҳақидаги маълумотлар, биржа нархлари ва котировкалар, давлат харидлари ҳамда аукцион платформалари, сотувчиларнинг прейскурантлари, ОАВ ва интернет-ресурслар, банкларга гаров сифатида тақдим этилган товарларни қайта баҳолаш маълумотлари, шунингдек, Ўзбекистон ва бошқа давлатларнинг баҳолаш фаолияти тўғрисидаги қонунчилигига мувофиқ аниқланган бозор нархлари ҳақидаги маълумотлардан фойдаланиши мумкин.
Кўчмас мулк бўйича алоҳида тартиб белгиланмоқда. Агар кўчмас мулк объекти ваколатли орган — Кадастр агентлиги томонидан бозор баҳолашидан ўтказилган бўлса, солиқ базасини ҳисоблашда айнан шу маълумотлар асос қилиб олинади. Агар бундай баҳолаш мавжуд бўлмаса, солиқ органлари таққосланадиган бозор нархлари усулидан фойдаланади.
Биржа ёки бошқа электрон платформаларда сотилган товарлар бўйича эса бозор қийматини аниқлашда битим тузилган кундаги бир хил ёки ўхшаш товарлар нархлари, котировкалари ҳисобга олинади. Агар айнан шундай товар бўйича маълумот бўлмаса, бир турдаги товарлар нархи асос қилиб олинади.
Аниқланган бозор нархи сотув нархи билан солиштирилади. Агар сотув нархи бозор нархидан паст бўлса, солиқ базасига икки нарх ўртасидаги ижобий фарқ сотилган товар ҳажмига кўпайтирилган ҳолда қўшилади. Яъни солиқ шартномадаги паст нархдан эмас, бозор қийматига яқинлаштирилган ҳисоб-китоб асосида ундирилади.
Бунда қўшимча ҳисобланган солиқлар бўйича молиявий жарималар қўлланмайди. Шунингдек, мазкур ҳолатда қўшимча ҳисобланган ҚҚС суммаси чегириладиган харажат сифатида эътироф этилади. Бироқ бу қоида солиқ текширувлари якуни бўйича қўшимча ҳисобланган тўловларга татбиқ этилмайди.
Солиқ тўловчи солиқ органлари хулосасига рози бўлмаса, битим нархи бозор нархига мослигини асословчи ҳужжатларни тақдим этиши мумкин. Бунда шартнома, электрон ҳисобварақ-фактура, тўлов ҳужжатлари, етказиб бериш ҳужжатлари ва бошқа тасдиқловчи материаллар инобатга олинади.
Тартиб айрим ҳолатларга нисбатан қўлланмайди. Хусусан, трансферт нархларни назорат қилиш доирасидаги битимлар, давлат томонидан қатъий нарх белгиланган товарлар, нархлари давлат томонидан тартибга солинадиган табиий монополия субъектлари товарлари, президент ёки Вазирлар Маҳкамаси қарорларига мувофиқ пасайтирилган нархларда сотиладиган товарлар ҳамда биржа савдолари натижалари бўйича тузилган битимлар ушбу тартибдан мустасно.
Ҳукумат қарорида Солиқ қўмитаси, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳамда “UzEx” электрон савдо платформаси ўртасида маълумот алмашинувини йўлга қўйиш ҳам белгиланган. Жумладан, айрим товарларнинг бозор нархлари ҳақидаги маълумотлар солиқ органларига электрон шаклда тақдим этиб борилади.









