Электрон тижорат бўйича мурожаатларнинг ярмидан кўпи Uzum билан боғлиқ — Рақобат қўмитаси
2026 йилнинг ўтган даврида Ўзбекистонда электрон тижорат хизматлари юзасидан Рақобат қўмитасига 1 230 та мурожаат келиб тушган. Уларнинг 630 таси ёки 51,2 фоизи Uzum Market ва Uzum Nasiya хизматларига тўғри келган. Қўмита мурожаатларнинг 57,2 фоизини истеъмолчилар фойдасига ҳал қилган.

Рақобат қўмитасининг 6 октябрда эълон қилган маълумотларига кўра, йил бошидан буён қўмита ва унинг ҳудудий бошқармаларига чакана савдо, электрон тижорат ҳамда умумий овқатланиш соҳалари бўйича жами 6 414 та мурожаат келиб тушган.
Уларнинг 1 230 таси ёки 19,2 фоизи электрон тижорат билан боғлиқ. Мазкур мурожаатларнинг ярмидан кўпи Uzum экотизимининг иккита хизматига тўғри келган.
Хусусан, Uzum Market бўйича 446 та (36,2 фоиз), Uzum Nasiya бўйича эса 184 та (14,9 фоиз) мурожаат қайд этилган.
Бошқа компаниялар орасида Alif Shop 92 та (7,5 фоиз), Ishonch дўконлар тармоғи 69 та (5,6 фоиз) ва Yandex хизматлари 63 та (5,1 фоиз) мурожаат билан кейинги ўринларда турибди.
Шундай қилиб, Uzum Market ва Uzum Nasiya бўйича мурожаатлар сони ушбу учта компания хизматларига тегишли жами 224 та мурожаатдан қарийб 2,8 баравар кўп бўлган.
2025 йилда ҳам мурожаатларнинг катта қисми Uzum билан боғлиқ бўлган
Рақобат қўмитасининг аввалги маълумотларига кўра, 2025 йил давомида электрон тижорат бўйича 3 100 га яқин мурожаат келиб тушган.
Уларнинг 851 таси Uzum Market, 842 таси Uzum Nasiya ва яна 115 таси Uzum Tezkor хизматларига тегишли бўлган. Учта хизмат бўйича жами мурожаатлар сони 1 808 тани ташкил этган.
Ўтган йили Uzum Market ва Uzum Nasiya биргаликда мурожаатларнинг 55,4 фоизини ташкил қилган бўлса, 2026 йилнинг ўтган даврида бу кўрсаткич 51,2 фоизни ташкил этмоқда.
Бироқ 2026 йил бўйича ҳали тўлиқ йиллик маълумотлар мавжуд эмас. Шу сабабли мазкур кўрсаткичларни якуний йиллик натижалар сифатида бевосита солиштириш тўғри бўлмайди.
Шунингдек, мурожаатлар сонининг кўплиги компания томонидан кўпроқ қонунбузарлик содир этилганини англатмайди. Бунинг учун платформалардаги буюртмалар ва мижозлар сони, шунингдек мурожаатларнинг қанчаси асосли деб топилганини ҳам ҳисобга олиш зарур.
Мурожаатларнинг 57 фоиздан ортиғи истеъмолчилар фойдасига ҳал қилинган
Қўмитанинг билдиришича, электрон тижоратга оид 1 230 та мурожаатдан 704 таси ёки 57,2 фоизи истеъмолчилар фойдасига ҳал этилган ва уларнинг ҳуқуқлари тикланган.
Яна 453 та мурожаат (36,8 фоиз) бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилган, 33 таси (2,7 фоиз) эса тегишли ваколатли органларга юборилган.
Қўмита электрон тижорат соҳасидаги асосий муаммолар қаторида товарларни етказиб бериш, тўланган маблағларни қайтариш, электрон шартномалар ва муддатли тўлов тизимига оид масалаларни қайд этган.
Шунингдек, онлайн платформаларнинг масъулиятини кучайтириш, сотувчи ва хизмат кўрсатувчилар ҳақидаги маълумотларнинг шаффофлигини таъминлаш ҳамда низоларни судгача ҳал қилишнинг рақамли механизмларини ривожлантириш зарурлиги таъкидланган.
Қўмита ушбу муаммоларни тизимли ҳал қилиш ва электрон тижоратда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмларини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқаётганини маълум қилган.









