11 891.180 so‘m

decrease

-46.710

13 753.340 so‘m

decrease

-15.820

141.830 so‘m

increase

0.070

11 891.180 so‘m

decrease

-46.710

12 дақиқа аввал
Иқтисодиёт
59

Дунё давлатлари Ўзбекистоннинг таъсири билан ҳисоблашишига тўғри келади — Financial Times

Financial Times Ўзбекистон, Қозоғистон ва Озарбайжон географик жойлашуви, транспорт йўлаклари ва энергетика имкониятлари орқали халқаро таъсирини кучайтираётганини қайд этди. Нашрга кўра, йирик давлатларнинг минтақадаги мақсадларига ушбу мамлакатлар билан ҳамкорлик қилмасдан эришиши қийин бўлади.

Дунё давлатлари Ўзбекистоннинг таъсири билан ҳисоблашишига тўғри келади — Financial Times

Дунёнинг нуфузли нашри Financial Times Ўзбекистонда ва минтақадаги бошқа давлатларнинг иқтисодий ва сиёсий таъсири ҳақида ёзди.  

16 август куни чоп этилган мақола муаллифи Заур Шириев халқаро сиёсатда “mini-middle power”, яъни “мини-ўрта давлат” тушунчасини илгари сурди.

Бу атама жаҳон сиёсий тартибини мустақил шакллантира олмайдиган, бироқ айрим йўналишларда йирик давлатлар ҳисоблашиши керак бўлган имкониятларга эга мамлакатларни англатади. Бундай таъсир энергия ресурслари, транспорт йўлаклари, молия, технология, минтақавий хавфсизлик ёки воситачилик салоҳиятига таяниши мумкин.

Муаллифга кўра, муҳим жиҳат шунчаки географик ёки иқтисодий устунликка эга бўлиш эмас, балки ундан ташқи сиёсий восита сифатида фойдалана олишдир.

Қатар ва Ўмоннинг асосий кучи дипломатик воситачиликда кўринади. Қатар газ даромадлари, молиявий имкониятлари ва йирик давлатлар бевосита алоқа қила олмайдиган томонларга чиқиш имкониятидан фойдаланмоқда. Ўмон эса рақиб давлатлар ўртасидаги мулоқот каналларини сақлаб қолиши билан ажралиб туради.

Озарбайжон, Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг таъсири эса, аввало, география ва инфратузилмага боғлиқ.

Озарбайжон энергия экспортчиси ҳамда Шарқ ва Ғарб ўртасидаги транспорт йўлларининг муҳим бўғини ҳисобланади. Қозоғистон нефть ва уран захиралари, шунингдек, Россия ва Хитой ўртасидаги жойлашуви орқали минтақадан ташқарида ҳам таъсирга эга.

Ўзбекистоннинг устунлиги эса Марказий Осиёдаги энг катта аҳоли ва минтақанинг марказидаги географик жойлашув билан изоҳланган. Миллий статистика қўмитаси маълумотига кўра, 2026 йил 1 июль ҳолатида мамлакатнинг доимий аҳолиси 38,5 млн кишига етган. Бу бир йил олдингига нисбатан 1,7 фоиз кўп.

Аҳоли сони Ўзбекистонга йирик ички бозор ва меҳнат ресурсини беради. Марказий жойлашув эса мамлакатни қўшни давлатлар ўртасидаги савдо, транспорт ва сиёсий келишувларда четлаб ўтиш қийин бўлган иштирокчига айлантиради.

Ўрта йўлакнинг аҳамияти ошмоқда

Бу таъсирнинг асосий иқтисодий воситаларидан бири Транскаспий халқаро транспорт йўналиши — Ўрта йўлак ҳисобланади. Йўналиш Хитой ва Марказий Осиёдан бошланиб, Қозоғистон, Каспий денгизи, Озарбайжон ва Грузия орқали Европага чиқади.

Озарбайжон ва Қозоғистон йўлакнинг бевосита бўғинлари бўлса, Ўзбекистон унга олиб чиқувчи транспорт алоқаларини кенгайтирмоқда. Натижада мамлакат Россия орқали ўтувчи шимолий йўналишга муқобил экспорт йўлига эга бўлиши мумкин.

Европа комиссияси маълумотига кўра, Ўрта йўлак орқали ташилган юк ҳажми 2022 йилдан 2025 йил охиригача тўрт баравар ошган. Зарур инвестициялар киритилиб, инфратузилмадаги узилишлар бартараф этилса, 2030 йилгача бу кўрсаткич яна уч баравар кўпайиши мумкин.

Ўзбекистон ҳам транзит имкониятларини оширишни стратегик мақсад сифатида белгилаган. OECD таҳлилига кўра, мамлакат 2030 йилгача ҳудудидан ўтадиган юклар ҳажмини 16 млн тоннага етказиш, темирйўл орқали ташиш вақтини 40 фоизга қисқартириш ва темирйўл тармоғининг 65 фоизини электрлаштиришни режалаштирган.

Бироқ Ўрта йўлак ҳозирча Россия орқали ўтувчи шимолий йўналишга қараганда мураккаброқ. Юклар бир неча давлат чегараси, темирйўл тизими ва денгиз портларидан ўтади. Шу сабаб унинг рақобатбардошлиги божхона жараёнларини уйғунлаштириш, ягона тарифлар ва порт инфратузилмасига боғлиқ.

Бундан ташқари, йўлакка талабнинг бир қисми Россия орқали савдодаги узилишлар ҳисобига ошган. Ғарб ва Россия ўртасидаги иқтисодий алоқалар тикланса, юкларнинг бир қисми яна шимолий йўналишга қайтиши мумкин.

Электр энергияси учун ҳам янги йўлак

Ўзбекистон, Қозоғистон ва Озарбайжон транспортдан ташқари Каспий яшил энергия йўлагини ҳам ривожлантирмоқда. Уч давлат 2024 йил ноябрида яшил энергияни ишлаб чиқариш ва узатиш бўйича стратегик шериклик битимини имзолаган.

Лойиҳа Марказий Осиёда ишлаб чиқарилган қайта тикланувчи электр энергиясини Каспий денгизи орқали Озарбайжонга, кейин эса Қора денгиз остидан ўтиши режалаштирилган кабель орқали Европага етказишни назарда тутади.

Шу тариқа Ўзбекистон транспорт транзити билан бирга электр энергияси экспорти занжирининг ҳам бир қисмига айланиши мумкин. Бироқ лойиҳа ҳозирча техник-иқтисодий асослаш босқичида ва унинг якуний қуввати ҳамда қиймати тасдиқланмаган.

Financial Times муаллифининг хулосасига кўра, бундай давлатларнинг таъсири бошқа мамлакатларга улар назорат қиладиган йўналиш, ресурс ёки дипломатик алоқа зарур бўлган пайтда кучаяди.

Ўзбекистон янги халқаро тартиб қоидаларини якка ўзи белгиламайди. Бироқ Марказий Осиёдаги савдо йўллари, энергетика лойиҳалари ва минтақавий дипломатияда унинг иштирокисиз йирик ташаббусларни амалга ошириш тобора қийинлашиб бормоқда.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+