11 962.780 so‘m

decrease

-6.880

13 887.590 so‘m

decrease

-40.310

153.940 so‘m

increase

1.380

11 962.780 so‘m

decrease

-6.880

4 соат аввал
Иқтисодиёт
22

Доналд Трамп Гренландия масаласида Европанинг 8 давлатига 25 фоизлик бож билан таҳдид қилди

АҚШ президенти Доналд Трамп Гренландия масаласида босимни кучайтириб, Дания, Германия, Франция ва Буюк Британия каби Европанинг саккизта давлатидан АҚШга олиб кириладиган маҳсулотларга божларни 25 фоизгача оширишини эълон қилди.

Доналд Трамп Гренландия масаласида Европанинг 8 давлатига 25 фоизлик бож билан таҳдид қилди
Фото: AI/Pinkod.uz

АҚШ президенти Доналд Трамп НАТОга аъзо бўлган саккизта Европа давлатига нисбатан янги савдо босимини эълон қилди.

Унинг айтишича, Дания, Норвегия, Швеция, Франция, Германия, Буюк Британия, Нидерландия ва Финляндиядан АҚШга олиб кириладиган маҳсулотларга божлар босқичма-босқич оширилади. Бу чоралар АҚШ Гренландияни “тўлиқ ва бутунлай сотиб олиш” бўйича келишувга эришмагунча амал қилади.

Трамп Truth Social’даги баёнотида тарифлар 1 февралдан 10 фоиздан бошланишини, 1 июндан эса 25 фоизга етишини ёзди. Янги божлар ушбу давлатлар товарларига аллақачон амал қилиб келаётган АҚШ тарифларига қўшиб ҳисобланади.

Ҳозирнинг ўзида АҚШ Европа Иттифоқи давлатларидан келадиган маҳсулотларга ўртача 15 фоиз, Буюк Британия импортига эса тахминан 10 фоиз бож қўллайди. Айрим соҳаларда, хусусан металл ва автомобиль саноатида, йиғма тарифлар аллақачон 20 фоиздан юқори даражага чиқиб кетган.

Европа Иттифоқи 27 давлатдан иборат бўлгани сабабли, агар АҚШ унинг бир ёки бир нечта аъзосига бож жорий этса, бу амалда бутун Иттифоққа таъсир қилади. Шу боис Трампнинг бу қарори август ойида АҚШ ва ЕИ ўртасида тузилган савдо келишувини жиддий хавф остига қўймоқда.

Шу фонъда Европа Иттифоқи элчилари якшанба куни фавқулодда йиғилишга чақирилди. Reuters хабарига кўра, учрашувни ҳозир ЕИга раислик қилаётган Кипр ташкиллаштирган ва унда вазиятга қандай жавоб бериш масаласи муҳокама қилинади.

Трамп эса янги тарифларни Гренландия атрофидаги ҳарбий ҳаракатлар билан изоҳлади. Унинг даъвосига кўра, ушбу саккиз давлат “номаълум мақсадларда” Гренландияга қўшин юборган. Президент буни “сайёранинг хавфсизлиги ва барқарорлигига таҳдид” деб баҳолади.

Бир кун аввал Трамп Гренландия масаласида ҳам тарифлардан босим воситаси сифатида фойдаланишини айтган эди. У агар давлатлар АҚШнинг Гренландия бўйича позициясини қўллаб-қувватламаса, уларга нисбатан божлар жорий этилиши мумкинлигини очиқ айтди. Трамп бу ҳудудни АҚШ миллий хавфсизлиги учун муҳим деб ҳисоблайди.

Европа давлатлари эса Трампнинг ҳаракатларини кескин қоралади. Улар бу тарифларни яқин ҳарбий иттифоқчиларга нисбатан душманона қадам деб баҳолаб, трансатлантик ҳамкорликка путур етишини таъкидлади.

Европа Комиссияси президенти Урсула фон дер Ляен бу масалани шунчаки савдо низоси эмас, балки Ғарб қадриятлари учун синов деб атади. Унинг айтишича, Европа ҳамкорликни, ўз бизнесини ва ўз фуқароларини танлайди.

Дания бош вазири Метте Фредериксен Трампнинг қарорини кутилмаган деб атади. У АҚШ витсе-президенти ва давлат котиби билан яқинда конструктив учрашув бўлиб ўтганини эслатиб, Гренландиядаги ҳарбий иштирок фақат хавфсизликни кучайтириш учун амалга оширилганини айтди. Унинг таъкидлашича, Арктика минтақаси энди тинч ҳудуд эмас ва барча ҳаракатлар АҚШ иттифоқчилари билан келишилган.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+