Доллар курси кет-кетма тушганининг сабаби нимада?
Сўнгги 10 кун ичида АҚШ долларининг сўмга нисбатан қиймати кетма-кет тушиб, 126 сўмдан кўпроққа ёки 1 фоизга арзонлади. Pinkod бунинг эҳтимолий сабаблари нимада эканлигини ўрганди.

Ўзбекистон иқтисодиётида камёб ҳодиса рўй бермоқда. 14 февраль куни доллар курси илк маротаба 13,000 сўмдан ошди. Шундан бери 10 кундирки доллар курси кетма-кет арзонламоқда. Марказий банк маълумотига кўра, 28 февралдан амалда бўладиган доллар курси 12 877,37 сўмни ташкил қилмоқда.
Бунга нима сабаб бўлди?
Доллар курсининг тизимли равишда тушишига бир неча эҳтимолий омилларни сабаб сифатида кўрсатиш мумкин. Биринчи сабаб савдо ҳамкорларининг валюталари қадри ошаётганидир. Доналд Трамп ҳокимиятга келганидан бери, Россия ва АҚШ ўртасидаги муносабатлар яхшиланмоқда, бунинг натижасида эса рублнинг долларга нисбатан қиймати 12 фоиздан кўпроққа мустаҳкамланди.
Февраль ойи бошида 1 доллар – 98,57 рублга тенг бўлган бўлса, 28 январь ҳолатига кўра курс 87,70 рублгача пастлади. Шунингдек, мамлакатга 77 % хорижий пул маблағлари Россиядан кириб келади. Табиийки, энг катта ҳамкорлардан бирининг валютаси қадри юқорилаши сўмнинг долларга нисбатан курси кўтарилишига олиб келади.
Бундан ташқари қозоқ тенгесининг долларга нисбатан қадри февраль ойи бошидан бери 4,53% га юқорилади. Қозоғистон ҳам айнан мамлакатнинг энг катта ҳамкорларидан бири саналади.
Доллар курси тушгани ҳақида иқтисодчи Миркомил Холбоев ўзининг Telegram каналида фикрларини билдириб ўтди:
“Сўм долларга нисбатан мустаҳкамланаётганлигига қарамасдан, асосий савдо ҳамкорларимиз валюталарига нисбатан қадрсизланиши реал валюта курсининг қадрсизланишига олиб келади. Хусусан, инфляция даражаси ҳамда ҳамкорларнинг савдо улушлари олдинги ойга нисбатан ўзгармаган ҳолатда номинал курснинг февраль ойидаги ўзгариши реал самарали алмашинув курсини 2 фоизга қадрсизлантиради”, —дея таъкидламоқда таҳлилчи.
Шунингдек, январь ойида Ўзбекистон экспорт ҳажми 14,1% га юқорилади. АҚШ доллари давлатлар аро савдода асосий восита эканлигини ҳисобга олсак, бу мамлакат ички бозорида аввалгидан кўпроқ валюта пайдо бўлганини билдиради. Ўзбекистон ташқи савдосининг февраль ойидаги статистикасига қараш ҳолатни янада аниқлаштириши мумкин. Афсуски, мазкур маълумот айни пайтда мавжуд эмас. Аниқроқ тасаввур олиш учун февраль ойи якунлари кутиш керак бўлади.
Ундан ташқари, Ўзбекистон умумий қиймати қарийб 1,5 млрд АҚШ доллари эквивалентидаги навбатдаги суверен халқаро облигацияларни жаҳон молия бозорларига жойлаштирди. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги хабарида халқаро облигацияларни жойлаштиришдан келиб тушган маблағлар Давлат бюджети тақчиллиги ва банклардаги ипотека кредитларини молиялаштириш учун йўналтирилиши айтиб ўтилган. Бу эса ўз навбатида ички иқтисодиётга, шунингдек банкларга доллар кириб келишини рағбатлантиради. Шунга қарамасдан, бу амалиётнинг доллар тушишига умуман алоқаси бўлмаслиги ҳам мумкин.
Бироқ доллар курсининг бундай тушиши вақтинчалик ҳодиса бўлиши эҳтимоли мавжуд. Прогнозларга кўра, 3 мартдан бошлаб амалда бўладиган доллар курси 13-14 сўм атрофида юқорилайди.
Ўзбекистонда 2024 йил май ойида ҳам шунга бироз яқин ҳолат кузатилган эди. Ўшанда доллар курси кетма-кет етти кун давомида пасайиб, 2024-йил март ойидан бери илк марта 12 600 сўмдан пастга тушган эди. Иқтисодчи Отабек Бакиров еврооблигациялар чиқарилиши доллар курси тушишига таъсир қилаётганини таъкидлаб ўтганди. Кейинчалик эса доллар курси яна қайта ошиб 12 800, 12 900 ва 2025 йил 14 февраль куни 13 000 сўмдан юқорига кўтарилди.
Ушбу ҳолатларни бир-биридан ажратиб турувчи жиҳат — бу ҳозирги ҳолатда кетма-кет курс тушиши 10 кун давом этганидадир.
Аввалроқ, S&P Global Ratings халқаро агентлиги доллар курси 2025 йил 13 650 сўмгача чиқишини тахмин қилган эди.