Давлат банкларига бир ой ичида 20 та янги банк маҳсулотини таклиф қилиш топширилди
Ўзбекистондаги тўққизта давлат банкига бир ой ичида бизнесни ўстиришга кўмаклашадиган 20 та янги банк маҳсулотини таклиф этиш вазифаси қўйилди. Янги ёндашувда кредит ажратишда гаровдан ташқари бизнеснинг реал пул оқими, шартномалари, дебиторлик қарзи ва товар айланмаси ҳам ҳисобга олинади.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 24 сентябрь куни Андижон вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли даромадларини ошириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказилди.
Йиғилишда давлат банкларини мижозлар бизнесини ўстириш тамойили асосида трансформация қилиш зарурлиги таъкидланди. Хусусан, банклар анъанавий гаров ва барча мижозлар учун бир хил стандарт шартлар билан чекланиб қолмаслиги кераклиги кўрсатиб ўтилди.
Йил бошидан буён гаров ёки кафил топа олмаган 35 минг кишига кредит берилмаган. Шу сабабли кредитлашда тадбиркорнинг реал пул оқими, буюртма ва шартномалари, дебиторлик қарзи, товар айланмаси ҳамда бизнес занжиридаги ўрнига асосланган молиявий маҳсулотларни кенг жорий қилиш белгиланди.
Хусусан, кичик тадбиркорнинг лидер корхона ёки йирик буюртмачи билан тузган узоқ муддатли шартномаси кредит таъминоти сифатида қабул қилинади.
500 млн сўмгача бўлган лойиҳаларни кредитлашда эса бизнес-режа талаб этилмайди. Кредит гаровга эмас, бизнеснинг пул оқимига қараб ажратилади.
Экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқариш учун хомашё харид қилишга бериладиган кредитларда суғурта полисининг ўзи гаров сифатида етарли бўлади.
Шу билан бирга, тўққизта давлат банкига бир ой ичида бизнесни ўстиришга кўмаклашадиган 20 та янги банк маҳсулотини таклиф этиш топширилди. Маҳалла банкирлари янги хизматларни аҳоли ва тадбиркорларга тушунтириб боради.









