Давактив UzAuto Motors’даги 99,7% улушни сотиш учун тендер эълон қилади
Давлат активларини бошқариш агентлиги UzAuto Motors ва UzAuto Motors Powertrain компанияларини хусусийлаштириш бўйича тендерни яқин вақт ичида эълон қилишни режалаштирмоқда. Савдога UzAuto Motors’даги 99,7% ҳамда UzAuto Motors Powertrain’даги 100% давлат улуши чиқарилиши белгиланган.

Бу ҳақда 17 сентябрь куни Давактив агентлиги директори ўринбосари Алишер Миралиев “Ўзбекистон Республикаси капитал бозори” VIII халқаро Cbonds конференциясида маълум қилди.
“Тез орада иккита давлат компанияси — UzAuto Motors ва UzAuto Motors Powertrain бўйича тендер эълон қиламиз”, — деди Миралиев.
Президентнинг 2025 йил 21 апрелдаги қарорига кўра, UzAuto Motors’даги “Ўзавтосаноат”га тегишли 99,7% улушни оммавий савдога чиқариш 2026 йилнинг биринчи чорагига режалаштирилган эди. UzAuto Motors Powertrain’даги 100% улуш бўйича савдони эса 2025 йилнинг тўртинчи чорагида бошлаш белгиланган.
Шу тариқа, иккала активни хусусийлаштириш жараёни дастлаб белгиланган муддатлардан кечикмоқда.
UzAuto Motors’ни хусусийлаштириш масаласи аввал ҳам кўтарилган. 2022 йилдаёқ компания акцияларининг 10%гача қисмини маҳаллий фонд бозорида IPO орқали жойлаштириш, қолган улушни эса стратегик инвесторга сотиш стратегиясини ишлаб чиқиш топширилган эди.
2026 йил апрелида Давактив директори Соҳибжон Муродов президентга UzAuto Motors ва унинг таркибидаги корхоналарни хусусийлаштиришга тайёргарлик жараёни ҳақида ахборот берган.
Ҳозирча тендернинг аниқ санаси, бошланғич нарх, инвесторлар учун қўйиладиган талаблар ҳамда сотувнинг бошқа шартлари очиқланмаган.









