Давактив собиқ раҳбари Акмалхон Ортиқовга оид жиноят иши судда кўрилмоқда
Акмалхон Ортиқовга нисбатан ўзлаштириш ёки растрата, мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш ҳамда мансаб сохтакорлигига оид кўп эпизодли жиноят иши Жиноят ишлари бўйича Миробод туман судида биринчи инстанцияда кўриб чиқилмоқда.

Давактив собиқ раҳбари Акмалхон Ортиқовга оид жиноят иши жиноят ишлари бўйича Миробод туман судида биринчи инстанцияда кўрилмоқда. Навбатдаги суд мажлиси 20 июль куни соат 14:30 га тайинланган. Ишни судья Хасан Очилов кўриб чиқмоқда.
Ортиқов нимада айбланмоқда?
Акмалхон Ортиқовга Жиноят кодексининг учта моддаси бўйича айблов қўйилган:
- 167-модда 3-қисми — ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш;
- 206-модда 2-қисми — ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш;
- 209-модданинг 1 ва 2-қисмлари — мансаб сохтакорлиги.
Айблов кўп эпизодли бўлиб, ҳозирча уларнинг қайси давлат активлари ёки битимларга алоқадорлиги, шунингдек, етказилган зарар миқдори очиқланмаган.
Амалдаги Жиноят кодексига кўра, 167-модданинг 3-қисми бўйича жазо 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилишни ҳам назарда тутади. 206-модданинг 2-қисми ва 209-модданинг 2-қисми бўйича эса 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.
Бироқ бу санкциялар Ортиқов айнан шундай муддатга ҳукм қилинишини англатмайди. Якуний жазо иш ҳолатлари, жиноят содир этилган вақтда амал қилган қонун таҳрири, етказилган зарар, унинг қопланган ёки қопланмагани ҳамда бошқа омиллар асосида суд томонидан белгиланади.
Иш доирасида Зиёвиддин Жаббаров, Зухриддин Нигманханов, Равшан Халиткариев, Саиджон Саидов ва Шерматжон Жўраев ҳам судланмоқда. Уларга ҳам ўзлаштириш ёки растрата ва мансаб сохтакорлиги, айримларига эса нодавлат ташкилот мансабдор шахсининг ўз ваколатларини суиистеъмол қилиши билан боғлиқ айбловлар қўйилган.
250 млрд сўмлик ер 120 млрд сўмга сотилганди
Акмалхон Ортиқов билан боғлиқ можаро 2026 йил январида бошланган. Президент Шавкат Мирзиёев 27 январь куни ўтказилган йиғилишда “Ўзбекнефтгаз” ва Давактивда миллиардлаб сўмлик талон-торожликлар аниқланганини маълум қилган эди.
Давлат раҳбари мисол сифатида Давактив мансабдор шахслари бозор қиймати камида 250 млрд сўм бўлган ер участкасини ёпиқ аукционга чиқариб, 120 млрд сўмга сотиб юборганини келтирган. Шундан сўнг агентлик директори Акмалхон Ортиқов лавозимидан озод этилган.
ДХХга сотилган давлат мулклари бўйича ҳар бир ҳолатни текшириш, коррупсиявий схемаларни аниқлаш ва айбдорларнинг жавобгарлигини таъминлаш топширилган. Қатор нашрлар ўша пайтда ўз манбаларига таяниб, Ортиқов эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинганини ёзган. Тергов органлари эса унга қўйилган айбловлар ва ишга киритилган битимлар ҳақида батафсил маълумот бермаган.
Аввал ёпиқ савдолар мумкин эмаслигини айтганди
2024 йил май ойида Акмалхон Ортиқов давлат активларини сотиш жараёнининг очиқлиги ҳақидаги саволларга жавоб бериб, Ўзбекистонда давлат мулкини ёпиқ шаклда сотиш мумкин эмаслигини айтган эди.
Унинг таъкидлашича, давлат мулкини сотиш бўйича қарорлар, баҳолаш жараёнлари ва савдо натижалари белгиланган тартибда жамоатчиликка эълон қилиниши керак.
Орадан икки йилга яқин вақт ўтиб, президент Давактив мансабдор шахслари ер участкасини ёпиқ аукцион орқали бозор қийматидан анча паст нархда сотганини маълум қилди.
Акмалхон Ортиқов ким?
Акмалхон Ортиқов 1980 йилда Наманган вилоятининг Чортоқ туманида туғилган. У Тошкент давлат иқтисодиёт университети ҳамда Президент ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академияси қошидаги Олий бизнес мактабини тамомлаган.
Ортиқовнинг меҳнат фаолияти асосан давлат молияси ва иқтисодий бошқарув тизими билан боғлиқ:
- 2001–2013 йилларда Молия вазирлиги тизимида;
- 2013–2015 йилларда Наманган вилояти молия бошқармасида;
- 2015–2017 йилларда Фарғона вилояти молия бошқармасида;
- 2017–2018 йилларда иқтисодиёт вазири ўринбосари;
- 2018–2019 йилларда Наманган вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари;
- 2019–2020 йилларда Вазирлар Маҳкамаси котибияти мудири;
- 2020 йилда иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирининг биринчи ўринбосари лавозимларида ишлаган.
У 2020 йил декабрида Давлат активларини бошқариш агентлиги директори этиб тайинланган ва агентликни беш йилдан ортиқ бошқарган. Бу давр Ўзбекистонда йирик давлат корхоналари, банклар ва кўчмас мулк объектларини хусусийлаштириш жараёнлари жадаллашган вақтга тўғри келади.
Эслатиб ўтамиз, судда кўрилаётган маълумотлар дастлабки терговда қўйилган айбловлардир.









