Click’нинг 2025 йилдаги соф фойдаси 376 млрд сўмга етди
Click 2025 йилда 702,6 млрд сўм тушум олиб, 375,8 млрд сўм соф фойда кўрди. Компания активлари бир йил давомида 203,5 млрд сўмга ошиб, 636,9 млрд сўмга етган, мажбуриятлари эса 71,7 млрд сўмга қисқариб, 275,7 млрд сўмни ташкил этган.

Click’нинг 2025 йилда мижозлар билан тузилган шартномалардан олган тушуми 702,6 млрд сўмни ташкил этди. Бу 2024 йилдаги 516,4 млрд сўмга нисбатан 36,1 фоизга ёки 186,2 млрд сўмга кўп.
Компаниянинг операцион фойдаси 28,2 фоизга ошиб, 368 млрд сўмга етди. Солиқ тўлашдан олдинги фойда 383,1 млрд сўмни, йил якунидаги соф фойда эса 375,8 млрд сўмни ташкил қилди.
Таққослаш учун, 2024 йилда Click 295,1 млрд сўм соф фойда олган эди. Шу тариқа компаниянинг фойдаси бир йил ичида 27,3 фоизга ёки 80,7 млрд сўмга кўпайган.
Шу билан бирга, харажатлар тушумга нисбатан тезроқ ўсгани сабабли соф фойда маржаси 57,1 фоиздан 53,5 фоизгача пасайган. Хусусан, ходимлар учун харажатлар 51,7 фоизга ошиб, 134,4 млрд сўмга етди. Транзакция харажатлари 2,3 баробар кўпайиб, 74 млрд сўмни, IT-платформалар учун тўловлар эса 14,7 млрд сўмни ташкил этди.
Реклама харажатлари эса аксинча, 2,8 фоизга камайиб, 58,1 млрд сўм бўлган.
Активлар қарийб 47 фоизга ошди
2025 йил якунида Click’нинг жами активлари 636,9 млрд сўмга етди. Бир йил аввал бу кўрсаткич 433,5 млрд сўм эди. Шу тариқа компания активлари 46,9 фоизга ёки 203,5 млрд сўмга ошган.
Компания балансидаги пул маблағлари ва уларнинг эквивалентлари 45,1 фоизга кўпайиб, 372,2 млрд сўмга етди. Номоддий активлар эса икки баробардан кўпроққа ошиб, 124,9 млрд сўмни ташкил этди.
Click’нинг ўз капитали 2024 йилдаги 85,7 млрд сўмдан 361,3 млрд сўмгача кўпайган. Бунда тақсимланмаган фойданинг 340,4 млрд сўмга етгани ҳамда устав капиталининг 10 млрд сўмдан 20 млрд сўмга оширилгани асосий омиллардан бўлган.
Компаниянинг жами мажбуриятлари эса 20,7 фоизга камайиб, 275,7 млрд сўмни ташкил этди.
Click 2025 йилда операцион фаолиятдан солиқлар тўланганидан кейин 424,5 млрд сўмлик соф пул оқимини шакллантирган. Бу 2024 йилдаги кўрсаткичдан 12,7 фоизга юқори.
Инвестиция фаолиятига 79,2 млрд сўм, молиявий фаолиятга эса 229,3 млрд сўм йўналтирилган. Натижада компаниянинг пул маблағлари йил давомида 116 млрд сўмга кўпайган.









