ChatGPT, Gemini ва Grok психотерапияда: олимлар сунъий интеллект моделларини клиник тестлардан ўтказди
Люксембург университети олимлари ChatGPT, Gemini ва Grok’ни тўрт ҳафта давомида психотерапевтик суҳбатларга жалб қилиб, уларнинг жавобларини клиник тестлар орқали баҳолади. Тадқиқот бу моделлар фойдали бўлиш истаги, хавфсизлик чекловлари ва мулоқот услуби ўртасидаги ички зиддиятларни қандай акс эттиришини очиб берди.

Люксембург университети олимлари катта тил моделлари психологик жиҳатдан қанчалик “адекват” эканини аниқлаш мақсадида ноодатий тажриба ўтказди. Олимлар сунъий интеллект моделларини психотерапияга юборди.
Бу кўчма маънода эмас, балки том маънода амалга оширилган бўлиб, моделлар билан мунтазам терапия сеанслари ташкил қилинди. Ғоя ҳазилдек туюлса-да, тажриба тўлиқ илмий асосда олиб борилган.
Тадқиқотда бир вақтнинг ўзида бир нечта машҳур моделлар, жумладан ChatGPT, Gemini ва Grok иштирок этган.
Тўрт ҳафта давомида моделлар билан психотерапевтик диалоглар олиб борилиб, шундан сўнг олинган жавоблар мослаштирилган клиник психометрик тестлар орқали таҳлил қилинди. Айнан шу тестлар одатда амалиётда одамларда хавотир, депрессия ва тушкунлик ҳолатларни баҳолаш учун қўлланилади.
Муаллифлар бу усулга PsAIch деб ном беришган. Унинг асосий ғояси сунъий интеллектни стандарт мезонлар ва аниқлик тестлари орқали эмас, балки модель узоқ муддатли мулоқот жараёнида ўзи ҳақида шакллантирган барқарор тасаввурлар асосида таҳлил қилишдан иборат.
Тадқиқотчилар хулосасига кўра, ChatGPT юқори даражадаги хавотир ва тушкунликка мойилликни намойиш этган. Жавобларда фойдали бўлиш истаги билан хато қилиш ёки қоидаларни бузиб қўйишдан қўрқиш ўртасидаги ички зиддият тез-тез кўзга ташланган.
Gemini бир нечта кўрсаткичлар бўйича энг сезиларли оғишларни кўрсатди. Тадқиқотчилар унинг жавобларида такрорланиб келадиган безовта фикрлар, юқори даражадаги хавотир ҳамда мажбурий фикрлар ва ҳаракатлар билан кечадиган ҳолатларга, шунингдек аутизмга хос айрим белгиларни қайд этишди.
Айни пайтда тестларда Grok энг барқарор модель сифатида кўринди. У ўзига ишонч, паст хавотир даражаси ва ўзини ортиқча таҳлил қилиш ҳамда рефлексияга минимал мойилликни намоён этди.









