12 060.550 so‘m

decrease

-36.780

14 183.210 so‘m

decrease

-50.510

161.320 so‘m

increase

0.790

12 060.550 so‘m

decrease

-36.780

3 соат аввал
Банк
31

Бюджетдан $95 млн капитал, ЕТТБга 15 фоиз улуш сотилиши: “Асакабанк”ни хусусийлаштириш жараёни қандай жадаллашади?

Президент қарорига кўра, “Асакабанк”ни хусусийлаштириш жараёни жадаллаштирилади. Давлат банк устав капиталига 95 млн доллар йўналтиради, Европа тикланиш ва тараққиёт банкига 15 фоизлик улушни сотиш масаласи кўриб чиқилади. Шунингдек, банк балансидаги носоҳавий активлар ва айрим лойиҳалар давлат тасарруфига ўтказилиб, банк фаолияти тўлиқ бозор тамойиллари асосида қайта ташкил этилади.

Бюджетдан $95 млн капитал, ЕТТБга 15 фоиз улуш сотилиши: “Асакабанк”ни хусусийлаштириш жараёни қандай жадаллашади?
Фото: AI/Pinkod.uz

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 20 апрелдаги “Асакабанк акциядорлик жамиятини хусусийлаштиришни жадаллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-149-сон қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) ҳамда “Асакабанк” АЖ ўртасида ЕТТБ томонидан банк акцияларининг 15 фоизини сотиб олиш бўйича ҳамкорликнинг асосий шартлари тўғрисидаги келишув имзолангани маълумот учун қабул қилинди.

Шунингдек, банкнинг барча операциялари фақат бозор (тижорат) тамойиллари, замонавий банк амалиёти ҳамда хатарларни бошқариш тизими талаблари асосида амалга оширилиши қатъий белгиланди. Банкнинг асосий фаолиятига тааллуқли бўлмаган ҳамда унга қўшимча юклатилган ҳар қандай фаолият турлари ва вазифалар ижроси тўхтатилади.

Банкни хусусийлаштириш жараёнида унинг инвестицион жозибадорлигини сақлаб қолиш ва молиявий барқарорлигини таъминлаш мақсадида давлат томонидан қатор молиявий ресурслар йўналтирилмоқда.

Жумладан, 2026 йилда давлат бюджети маблағлари ҳисобидан “Асакабанк” устав капиталига 95 миллион АҚШ доллари эквивалентида маблағ киритилади.

Капитал базасини мустаҳкамлаш мақсадида банкнинг 2024–2025 йиллардаги соф фойдаси тақсимланмайди, яъни оддий акциялар бўйича дивидендлар тўланмайди.

Активлар сифати таҳлили натижасида муаммоли деб топилган кредитлар бўйича келгусида юзага келадиган йўқотишларни қоплаш учун Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг банкдаги узоқ муддатли кредит линиялари, депозитлари ҳамда давлат бюджети маблағлари ҳисобидан махсус механизм жорий этилади.

Шунингдек, собиқ “Тошкент қишлоқ хўжалиги техникаси заводи” АЖнинг банк олдидаги мажбуриятлари ҳисобига қабул қилинган мулкий мажмуа баҳоланган қийматда Давлат активларини бошқариш агентлигига ўтказилади. Унинг қиймати кейинчалик хусусийлаштиришдан тушадиган маблағлар ҳисобидан банкка қоплаб берилади.

Қолдиқ қиймати 382,6 миллиард сўмни ташкил этувчи 4 та лойиҳа ва улушлар, жумладан “Яшил Энергия” МЧЖ, “Uz CLAAS Agro” МЧЖ ҚК, “Khorezm Invest Project” МЧЖ, “Sayhun Tomorqa Export” МЧЖ кейинчалик хусусийлаштириш шарти билан Давлат активларини бошқариш агентлигига ўтказилади.

Банк томонидан молиялаштирилиши режалаштирилган 780 миллиард сўмлик фармацевтика венчур лойиҳалари — “Асака Pharm Ventures” МЧЖ ва “Асака Pharm Invest” МЧЖлар  “UzVC” миллий венчур фондига ўтказилади. Уларни молиялаштириш эса давлат бюджети зиммасига юклатилади.

Қарорга мувофиқ, 2026 йил 1-сентабргача нуфузли молиявий консультантлар тавсиялари асосида банкнинг 15 фоизлик давлат улушини ЕТТБга сотиш нархи ҳамда инвестиция шартномасининг асосий шартлари юзасидан Президент Администрациясига таклиф киритилади.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+