BYD 2025 йилда электромобиль савдосида Tesla’ни ортда қолдирди
2025 йил якунларига кўра, Хитойнинг BYD компанияси 2,25 миллиондан ортиқ электромобиль сотиб, илк бор Tesla’ни ортда қолдирди. Tesla эса савдоларининг қарийб 9 фоизга камайиши ортидан йилни 1,64 миллион дона автомобиль билан якунлади.

Хитойнинг BYD компанияси электромобиллар (EV) савдоси бўйича Илон Маскнинг Tesla компаниясини ортда қолдириб, дунёдаги энг йирик сотувчига айланди. Бу Хитой компаниясининг йиллик савдода америкалик рақибини ортда қолдирган биринчи ҳолатдир.
Tesla жума куни маълум қилишича, 2025 йилда компания автомобиль савдоси қарийб 9 фоизга камайиб, дунё бўйича 1,64 миллион дона автомобиль сотилган. Бу Tesla учун кетма-кет иккинчи йил етказиб беришлар пасайганини англатади.
Бу кўрсаткичлар Tesla’ни BYD’дан ортда қолдирди. BYD пайшанба куни эълон қилган маълумотларга кўра, компаниянинг батареяда ишловчи электромобиллар савдоси қарийб 28 фоизга ошиб, ўтган йили 2,25 миллион донадан ошган.
2025 йилнинг охирги уч ойида Tesla автомобиль савдоси 16 фоизга пасайди. Бунга қисман электромобиль, плагин-гибрид ёки водород ёқилғисида ишловчи автомобиллар нархини 7 500 долларгача арзонлаштириб келган давлат субсидиясининг бекор қилиниши сабаб бўлди.
Geely, MG ва ҳозирда Хитойнинг энг йирик электромобиль ишлаб чиқарувчиси бўлган BYD каби компаниялар ўз автомобилларини анъанавий Ғарб брендларидан арзонроқ нархларда таклиф қилиб, Ғарб компанияларига босим ўтказмоқда.
Бунга жавобан Tesla октябрь ойида АҚШ бозорида ўзининг энг кўп сотиладиган икки модели учун арзонроқ версияларни тақдим этди.
Дунёдаги энг бой инсонлардан бири бўлган Илон Маск олдидаги вазифа кейинги ўн йил ичида Tesla’нинг савдоси ва фонд бозоридаги қийматини кескин оширишдир. Акциядорлар томонидан ноябрь ойида маъқулланган келишувга кўра, Маск 1 триллион долларгача бўлган рекорд даражадаги мукофот пакетини қўлга киритиши мумкин.
Келишув доирасида Маск кейинги ўн йил ичида бир миллионта гуманоид робот сотиши ҳам керак. Tesla бу борада ўзининг Optimus роботи ва автоном “Роботакси” технологияларига катта сармоя киритмоқда.
BBC ўз хабарида ёзишича таҳлилчилар Tesla’нинг 2026 йилда роботакси ва ўз-ўзини бошқариш тизимларини жорий қилиши компаниянинг умумий натижалари учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлишини кутмоқда. Айнан шу умидлар Tesla’нинг акцияларини рекорд даражага олиб чиқди.









