Бировга кредит олиб бериш ёки кафил бўлиш: ўйламасдан қабул қилинган қарорнинг яширин молиявий хавфлари
Ўзбекистонда кредит бозорининг кенгайиши билан бирга яна бир муаммо ҳам кучайиб бормоқда: бировга кредит олиб бериш ёки кафил бўлиш. Бу икки ҳолат кўпинча яқинлар, дўстлар, қўни-қўшнилар ўртасидаги ишончга асосланади. Аммо молиявий тизимда “ишонч” ҳуқуқий кучга эга эмас, ҳар қандай ҳужжатдаги имзо молиявий мажбуриятдир, қарздор тўламаса, банк кафилнинг орқасидан боради.

Кафил бўлишнинг ҳуқуқий томони: имзо билан бирга келадиган масъулият
Кафил ким?
Кафил — бу кафиллик шартномаси бўйича бошқа шахс ўз мажбуриятини тўла ёки қисман бажариши учун унинг кредитори олдида жавоб беришни ўз зиммасига олувчи шахс (Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 292-моддаси).
Қонунчиликка кўра, агар кредит олган шахс ўз мажбуриятини бажармаса, банк биринчи навбатда кафилга мурожаат қилади. Жисмонан бошқа одам қарзни олган бўлса ҳам, ҳужжатда имзоси бор киши:
- асосий қарз
- фоизлар
- жарималар
- пеня
- ундириш харажатлари
- суд ва ижро ҳаражатлари учун биргаликда масъул ҳисобланади.
Қарздор кредит бўйича мажбуриятини бажармаган ёки лозим даражада бажармаган тақдирда, кафил ва қарздор кредитор олдида солидар жавоб берадилар, агар қонунда ёки кафиллик шартномасида кафилнинг субсидиар жавобгар бўлиши назарда тутилган бўлмаса.
Таъкидлаш лозимки, амалиётда кўп ҳолларда кредит ташкилотлари ўз манфаатларини кўзлаган ҳолда кредит бўйича учинчи шахслар кафиллиги юзасидан тузиладиган шартномаларда кафилнинг кредит ташкилоти олдида солидар жавобгарлигини белгилаб қўйишади.
Маълумот учун: Солидар жавобгарлик - кредитор мажбуриятларнинг ижро этилишини қарздорлардан (қарз олувчи ва кафилдан) биргаликда ёки уларнинг исталган биридан бажаришни талаб қилишга ҳақли бўлишидир. Солидар қарздорларнинг биридан тўлиқ қаноатланмаган кредитор ололмаган нарсасини бошқа солидар қарздорлардан талаб қилиш ҳуқуқига эга.
Бунда, кафил ва қарздор кредит ташкилоти олдида солидар жавобгар бўлган ҳолатда, кредитнинг асосий қарзи ва унга ҳисобланган фоизларини тўлаш бўйича мажбурият қарздор томонидан бажарилмаган ёки лозим даражада бажарилмаган бўлса, кредит ташкилоти қарз олувчидан ҳам кафилдан ҳам мажбуриятни бажаришни талаб қилади.
Демак, кафил бўлиш — бу “гувоҳ бўлиш” эмас. Бу тўлиқ молиявий жавобгарликни бўлишиш демакдир.
Бировга кредит олиб бериш оқибатлари
Кафил бўлишдан ҳам янада хавфлироқ ҳолат — бу биров учун ўз номингизга кредит расмийлаштиришдир. Чунки бу вазиятда сиз юридик жиҳатдан “ёрдамчи” шахс эмас, балки банк олдида ягона ва асосий қарздор ҳисобланасиз.
Фуқаролик кодексининг 744-моддасига мувофиқ, банк кредит шартномаси асосида пул маблағларини қарз олувчига беради, қарз олувчи эса олинган суммани ва унга ҳисобланган фоизларни белгиланган муддатда қайтариш мажбуриятини олади. Амалдаги қонунчиликда “пулни ким ишлатган бўлса, ўша тўласин” деган принцип мавжуд эмас (агар бу жараёнга фирибгарлик ҳолатлари аралашмаган бўлса). Шартномада кимнинг имзоси турган бўлса, банк ва суд органлари айнан ўша шахсни расмий қарздор сифатида тан олади.
Пул маблағларини дўстингиз, қариндошингиз ёки танишингизга берганингиз — бу сиз билан у шахс ўртасидаги шахсий келишув бўлиб, у банк олдидаги мажбуриятларингизни енгиллаштирмайди ва банк учун ҳеч қандай ҳуқуқий аҳамиятга эга эмас. Агар у шахс тўловларни тўхтатса, банк барибир сиздан ундиришни давом эттиради.
Биров учун кредит олиб берилганини исботлаш мумкинми? Ҳа, мумкин. Агар сиз судга етарли ҳуқуқий далиллар тақдим этсангиз, ушбу ҳолатни алоҳида тартибда кўриб чиқилиши мумкин. Бироқ бу банк олдидаги мажбуриятни бекор қилмайди. Фақат қарзни сизнинг ўрнингизга олган шахсга регресс тартибида ундириш имконини беради, холос.
Ундан ташқари, бундай ҳолат сизнинг кредит тарихингизга ҳам салбий таъсир кўрсатади. Натижада келажакда микроқарз, автокредит, истеъмол кредити ёки ипотека каби йирик молиявий мажбуриятларни расмийлаштириш жараёнида катта тўсиқларга дуч келишингиз мумкин. Баъзи банклар сизни умуман “ишончсиз қарздор” сифатида баҳолаб, кредит ажратишни рад этиши ҳам эҳтимолдан холи эмас.
Шунингдек, агар сиз пул олиб берган шахс тўловларни тўхтатса ва сиз ҳам кредит бўйича мажбуриятларни бажармасангиз, унда банк ёки ижро органлари ундириш жараёнини бошлайди. Бу жараёнда мажбурий ундирув сизнинг даромадларингиз, банк ҳисобварақларингиз, ҳатто гаровга қўйилган мол-мулкингиз ёки бошқа молиявий активларингизга йўналтирилиши мумкин. Охир-оқибат, сиз бошқаларнинг муаммоси сабаб жиддий молиявий ва ҳуқуқий таваккалчиликларга дуч келишингиз эҳтимоли юқори бўлади.
Ишонч босими: Нега рад қилиш қийин?
Одамларни кўпинча кафил бўлишга мажбур қиладиган омиллар молиявий эмас, балки психологик ҳисобланади. “Қариндош-ку, ёрдам қилиш керак”, “Йўқ десам хафа бўлади”, “Ошнам-да, ишонаман”, “Барибир тўлайди, мен шунчаки кафилман, холос” ва ҳоказо қарашлар нотўғри қарорга сабаб бўлади.
Шу сабабли энг кўп тўланмай қоладиган кредитлар айнан яқинлар, қариндош-уруғлар ёки дўстлар томонидан олинган бўлади. Чунки улар олдида масъулият ҳисси пастроқ, “яқиним-ку, кечиради” деб ўйлайди.
Натижада эса кафилнинг ўзи кредит тарихидан тортиб, судгача бўлган ноқулай жараёнларга, ортиқча оворагарчиликларга дуч келади.
1. Кредитни олган қарздор йўқолиб қолади, кафил эса сарсон бўлади
Ҳаётда энг кўп учрайдиган ҳолатлардан бири — кредит олган одам вақт ўтиб, ишидан айрилиши, бошқа шаҳарга кетиши, чет элга чиқиб кетиши мумкин. Асосийси, у телефонини ўчиради ва топиб бўлмай қолади. Шундан кейин банк кафилни излайди.
2. Кафилнинг кредит тарихининг бузилиши
Кредит бўйича тўловларда юзага келган кечикишлар кафилнинг ҳам кредит тарихига ёзилади. Бу эса унинг ипотека, автомобил, тадбиркорлик ёки бошқа кредитларни олишдаги аризасини рад қилинишигача олиб келиши мумкин.
3. Суд ва ижро масалалари
Кредитни тўлаш кечикаверса, банк судга мурожаат қилади. Суд қароридан сўнг эса ижро хизмати ишга тушади. Барча ишлар кредитни ундиришга қаратилади: банк карталаридан пул ечиб олиниши ёки блокланиши, иш ҳақининг бир қисми ушлаб қолиниши, уй-рўзғор буюмлари мусодара қилиниши мумкин. Кўплар айнан шундан кейин кафил бўлишнинг нақадар катта хато бўлганини тушунади.
4. Қарз муносабатларни бузади
Кафил бўлиб қўйилган битта имзо бутун оила, яқинлар, дўсту-биродарлик ришталари учун муаммо бўлиши мумкин. Масалан, эр-хотин ўртасида жанжал, қариндош-уруғ орасида низо, юзкўрмасликкача келиб қолган дўстлик кабилар шулар жумласидан. Ҳаётда ҳатто ажримга олиб келган реал ҳолатлар мавжуд. Пул масаласида ишонч бузилса, муносабатларнинг тикланиши жуда қийин.
Шундай экан, йўқ дейишни билиш керак. Кафил бўлишга доим ҳам шошмаган маъқул. Энг яхши йўли эса, умуман кафил бўлмаслик кўп нарсадан асрайди.









