Биржа савдоларига чиқарилаётган кунлик автобензин ҳажми икки баробар оширилади
Энергетика вазирлиги барча ҳудудларда зарур миқдорда захиралар яратилганлигини айтиб ўтди.
![Биржа савдоларига чиқарилаётган кунлик автобензин ҳажми икки баробар оширилади](https://cp.pincode.uz/media/CACHE/images/image_2024-12-10_12-04-19.1a56e0a8bb76.webp)
Энергетика вазирлиги совуқ ҳаво оқими натижасида айрим ҳудудлардаги автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари (газ заправкалар) фаолиятига киритилаётган қисқа муддатли чеклов муносабати билан биржа савдоларига чиқарилаётган автобензин ҳажми вақтинчалик икки карра оширилишини таъкидлади.
Барча ҳудудларда зарур миқдорда захиралар яратилган бўлиб, талаб ва таклифдан келиб чиқиб, биржа савдоларига жойлаштирилаётган автобензин ҳажмини янада ошириш имконияти мавжуд.
Истеъмолчиларнинг автобензинга бўлган талабини тўлиқ қондириш масаласи давлат назоратига олинган. Жорий куз-қиш мавсумида аҳолини автобензин билан зарур миқдорда ҳамда узлуксиз таъминлаш учун барча зарурий чоралар кўрилмоқда.
Хусусий автозаправкалар эгаларидан қуйидагилар сўралмоқда:
- Нархларни сунъий равишда оширмаслик.
- Автобензинни сифат ва миқдор жиҳатидан аниқ таъминлаш.
Айни пайтда эса ишчи гуруҳлар томонидан жойларда назорат тадбирлари давом этмоқда. Асоссиз нарх оширилишининг олди олинади, дея хабар берди вазирлик матбуот хизмати.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ вазирлик газ шохобчалари фаолиятига чекловлар киритилиши режалаштирилаётганини айтиб ўтганди.