12 014.370 so‘m

increase

40.930

13 280.680 so‘m

decrease

-1.460

146.190 so‘m

increase

1.660

12 014.370 so‘m

increase

40.930

Якин 1 соат ичида
Технология
48

Beeline тарифлари 2026 йилда 33 фоизгача қимматлашди, абонентлари эса камайди

Beeline Uzbekistan 2026 йилда “Оила” ва бир қатор индивидуал тарифларнинг ойлик абонент тўловини 14–33 фоизга оширди. Шу даврда операторнинг мобил абонентлари сони камайишда давом этган бўлса-да, учинчи чоракдаги даромади 5,7 фоизга ўсиб, 1,02 трлн сўмга етди.

Beeline тарифлари 2026 йилда 33 фоизгача қимматлашди, абонентлари эса камайди

Pinkod Beeline Uzbekistan’нинг 2025 йилдаги нархномалари ва 2026 йил давомида эълон қилинган тариф ўзгаришларини солиштирди. Таҳлил шуни кўрсатдики, компания март, июль ва октябрь ойларида бир қатор тариф ва хизматлар нархларини қайта кўриб чиққан.

Энг сезиларли ўзгаришлардан бири оилавий тарифларда кузатилган. Жумладан, “Оила Старт” тарифининг ойлик тўлови 75 минг сўмдан 100 минг сўмга, яъни 33,3 фоизга ошган. Қолган учта оилавий тарифда қимматлашиш 23,8–24,3 фоизни ташкил этган.

“Оила” тарифлари қанча қимматлашди?

Компания 2026 йил 6 мартдан “Оила Старт”, 11 мартдан эса “Оила Макс”, “Оила Ультра” ва “Оила Мега” тарифларининг янги шартларини жорий қилган.

Beeline’нинг 2025 йил июнидаги стандарт нархлари билан март ойида кучга кирган янги нархларни солиштирганда қуйидаги ўзгаришлар аниқланади:

ТарифОлдинги нархЯнги нархЎсиш
Оила Старт75 000100 00033,3%
Оила Макс125 000155 00024,0%
Оила Ультра185 000230 00024,3%
Оила Мега210 000260 00023,8%

Нархлар сўм/ой ҳисобида, вақтинчалик чегирмалар ҳисобга олинмаган.

Шу тариқа, “Оила Мега” абонентлари учун ойлик тўлов 50 минг сўмга ошган. Тарифдан йил давомида узлуксиз фойдаланилганда, бу аввалги нархга нисбатан 600 минг сўм қўшимча харажатни англатади.

“Оила Старт” фойдаланувчилари эса йилига 300 минг сўм кўпроқ тўлайди.

Бироқ компания нархларни ошириш билан бирга тарифларга киритилган интернет ҳажмини ҳам кенгайтирган. Хусусан, “Оила Макс”да интернет 180 GB дан 225 GB га, “Оила Ультра”да 350 GB дан 450 GB га, “Оила Мега”да эса 450 GB дан 700 GB га етказилган.

Демак, ойлик абонент тўлови ошган бўлса-да, интернетнинг бир гигабайтига тўғри келадиган нарх айрим тарифларда пасайган. Абонент учун ўзгаришнинг қанчалик фойдали экани унинг интернетдан фойдаланиш ҳажмига ҳам боғлиқ.

Бундан ташқари, Beeline 2025 йил 1 декабрдан «Оила» тарифларига янги уланишда бериладиган 20 фоизлик чегирмани тўхтатган. Бу ўзгариш аввал чегирма билан уланган мижозларга татбиқ этилмаган.

Индивидуал тарифлар ҳам 30 фоизгача қимматлашган

2026 йилнинг иккинчи ярмида компания бошқа тарифларнинг ҳам ойлик абонент тўловларини оширди.

Хусусан, 30 июлдан айрим индивидуал тарифлар, 2 ва 16 октябрдан эса яна бир қатор тарифлар учун янги нархлар кучга кирди.

Pinkod 2025 йил 1 декабрдан амал қилган нархларни 2026 йил октябридаги кўрсаткичлар билан солиштирди.

ТарифОлдинги нархЯнги нархЎсиш
Эркин49 90064 90030,1%
Аниқ54 90069 90027,3%
Қулай59 90074 90025,0%
Бемалол52 00064 90024,8%
Яшин64 90079 90023,1%
Multi Plus65 00079 90022,9%
Зўр 269 90079 90014,3%

Нархлар сўм/ой ҳисобида. Жадвал операторнинг барча тарифларини эмас, солиштириш мумкин бўлган айрим тарифларни қамраб олади.

Энг катта фоизли ўсишлардан бири «Эркин» тарифида кузатилган. Унинг ойлик тўлови 15 минг сўмга ошиб, 64 900 сўмга етган.

“Қулай” тарифи 59 900 сўмдан 74 900 сўмга, «Яшин» эса 64 900 сўмдан 79 900 сўмга қимматлашган.

Бу тарифларда ҳам интернет пакетлари кенгайтирилган. Жумладан, “Эркин”да интернет ҳажми 39 GB дан 50 GB га, “Қулай”да 65 GB дан 80 GB га, “Яшин”да эса 70 GB дан 85 GB га оширилган.

Шу сабабли ушбу таққослаш хизматлар нархининг умумий инфляциясини эмас, абонентлар ҳар ой тўлаши керак бўлган суммалардаги ўзгаришни акс эттиради.

Абонентлар камайди, даромад эса ўсди

Beeline Uzbekistan’нинг бош компанияси VEON 6 ноябрда эълон қилган молиявий ҳисоботга кўра, операторнинг 2026 йил учинчи чорагидаги тушуми 1,023 трлн сўмни ташкил этди.

Бу 2025 йилнинг мос давридаги 967,9 млрд сўмга нисбатан 55 млрд сўм ёки 5,7 фоизга кўп.

Айни пайтда компаниянинг фаол мобил абонентлари сони 7,7 млн нафардан 7,4 млн нафаргача камайган. Йиллик пасайиш 3,9 фоизни ташкил этган.

4G фойдаланувчилари сони ҳам 7,1 фоизга қисқариб, 5,4 млн нафарга тушган.

Шунга қарамай, бир абонентдан олинадиган ўртача ойлик мобил алоқа даромади (ARPU) 34 088 сўмдан 35 139 сўмга етган. Бу 3,1 фоизлик ўсиш демакдир.

VEON даромад ўсишига таъсир қилган омиллар қаторида тариф нархларининг қайта кўриб чиқилиши, мобил молиявий хизматлар, қурилмаларни пакетда сотиш, тармоқ инфратузилмаси ва роуминг хизматларидан тушумлар ошганини кўрсатган.

Бироқ ойлик тарифлар 14–33 фоизга қимматлашган бир пайтда ARPU атиги 3,1 фоизга ошгани барча абонентларнинг харажатлари бир хил суръатда кўпаймаганини кўрсатади. Бунга мижозларнинг турли тарифлардан фойдаланиши, чегирмалар ва хизматлар истеъмоли таркибидаги фарқлар таъсир қилиши мумкин.

Бундан ташқари, 2 ва 16 октябрда кучга кирган тариф ўзгаришлари учинчи чорак натижаларига кирмаган. Чунки ҳисобот даври 30 сентябрда якунланган. Уларнинг молиявий таъсири кейинги чорак натижаларида акс этиши мумкин.

Beeline юқори даромад келтирадиган абонентларга эътибор қаратмоқда

VEON ҳисоботида Beeline Uzbekistan абонентлари таркиби ҳам ўзгараётгани қайд этилган.

Компания маълумотларига кўра, юқори ARPU’га эга мижозлар ва оилавий тарифлардан фойдаланувчилар эндиликда абонентлар базасининг 40 фоиздан ортиғини ташкил этмоқда. Ушбу тоифадаги мижозлар сони бир йил ичида икки баравардан кўпроққа ошган.

Айни пайтда алоқа хизматларидан кам фойдаланадиган ёки узоқ вақт фаол бўлмаган мижозлар базадан чиқиб кетмоқда.

Бу операторнинг абонентлар сонини кўпайтириш билангина чекланмай, мавжуд мижозлардан олинадиган даромадни оширишга ҳам эътибор қаратаётганини кўрсатади.

Мазкур стратегия компаниянинг молиявий кўрсаткичларида ҳам акс этмоқда. Учинчи чоракда Beeline Uzbekistan’нинг фоизлар, солиқлар ва амортизация ҳисобидан олдинги фойдаси (EBITDA) 9,4 фоизга ошиб, 365,5 млрд сўмга етган.

Рақамли хизматлардан тушум эса 13,4 фоизга кўпайиб, 164,4 млрд сўмни ташкил қилган. Ушбу йўналишнинг жами даромадлардаги улуши 15 фоиздан 16,1 фоизга ошган.

Умуман, 2026 йилнинг дастлабки тўққиз ойида Beeline Uzbekistan’нинг даромади 3,03 трлн сўмга етиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 5,9 фоизга ўсган.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+