Beeline эгаси Ўзбекистонда банк лицензиясини олишни режалаштирмоқда
VEON Ўзбекистонда банк ташкил этиш ёки мавжуд банкни сотиб олиш имкониятларини кўриб чиқмоқда. Компания мамлакатда Beepul тўлов хизмати орқали молиявий фаолиятини кенгайтиришни режалаштирган.

Beeline Uzbekistan’нинг бош компанияси VEON Ўзбекистонда банк лицензиясини олиш ниятини яна бир бор тасдиқлади. Бу ҳақда компаниянинг 16 ноябрь куни Нью-Йоркда ўтказилган Capital Markets Day тадбирида инвесторларга тақдим этган стратегиясида маълум қилинди.
VEON’нинг тўловлар ва рақамли активлар бўйича директори Аҳмет Кайҳан инвесторлар саволларига жавоб бераркан, компания Ўзбекистон ва Қозоғистонда банк лицензиясини олиш имкониятларини ўрганаётганини айтди.
Унинг сўзларига кўра, VEON янги банкни нолдан ташкил этиш ёки мавжуд банкни сотиб олиш вариантларини кўриб чиқмоқда. Якуний қарор бозордаги имкониятларга боғлиқ бўлади.
Компания Ўзбекистондаги молиявий хизматлар бизнесини Beepul орқали ривожлантирмоқда. VEON тақдимотида ушбу хизмат мамлакатдаги тўртинчи йирик рақамли ҳамён сифатида кўрсатилган.
2026 йилнинг учинчи чорагида Beepul’нинг фаол фойдаланувчилари 800 минг нафарни ташкил этган. Иккинчи чоракда бу кўрсаткич 1 млн нафар бўлган. Шундай қилиб, чораклик кўрсаткич 20 фоизга камайган. Компания фойдаланувчиларни ҳисоблаш услубига тузатишлар киритилганини ҳам қайд этган.
Айни пайтда Beeline Uzbekistan’нинг рақамли хизматлардан олган даромади ўсишда давом этмоқда. Учинчи чоракда бу йўналишдаги тушум 13,4 фоизга ошиб, 164,4 млрд сўмга етган. Унинг умумий даромаддаги улуши бир йил ичида 15 фоиздан 16,1 фоизга кўтарилган.
VEON қандай банк моделини яратмоқчи?
Компания Ўзбекистонда Покистонда шакллантирган молиявий хизматлар моделини такрорлашни кўзламоқда.
VEON ушбу мамлакатда JazzCash тўлов платформаси, Mobilink Microfinance Bank ва JazzSure суғурта хизматлари орқали фаолият юритади.
2026 йилнинг учинчи чораги якунида JazzCash’нинг фаол фойдаланувчилари 30,4 млн нафарга етган. Mobilink Microfinance Bank’даги мижозлар депозитлари эса 1,04 млрд долларни ташкил этган.
VEON маълумотларига кўра, Покистондаги экотизим орқали кунига 230 мингдан ортиқ кичик кредит ажратилади. Ушбу моделда тўлов хизматлари, депозитлар ва кредитлаш ягона экотизим ичида ишлайди.
Компания Ўзбекистонда ҳам дастлаб рақамли ҳамён ва тўлов хизматларини кенгайтириш, кейинчалик эса банк фаолиятига ўтиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Банк лицензияси депозитлар жалб қилиш ва каттароқ ҳажмдаги кредит маҳсулотларини таклиф этиш имконини бериши мумкин.
VEON жорий йилнинг 2 июлида Mastercard билан ҳамкорликни эълон қилган эди. Келишув Ўзбекистон, Қозоғистон, Покистон ва Украинада рақамли тўловлар, кредит скоринги, пул ўтказмалари ҳамда бошқа молиявий хизматларни ривожлантиришни назарда тутади.
Банк лицензиясини олиш учун нима талаб этилади?
Банклар ва банк фаолияти тўғрисидаги қонунига кўра, янги тижорат банки учун, микромолия банклари бундан мустасно, энг кам устав капитали 500 млрд сўмни ташкил этади.
Банк ташкил этиш Марказий банкнинг дастлабки рухсати, давлат рўйхатидан ўтказиш ва банк фаолиятини амалга ошириш учун лицензия олиш жараёнларини ўз ичига олади.
VEON бош директори Kaan Terzioğlu 31 июль куни иккинчи чорак молиявий натижаларига бағишланган конференцияда ҳам Ўзбекистонда банк лицензиясини олишга қизиқиш билдирган эди. Ноябрдаги тақдимотда эса мавжуд банкни сотиб олиш ҳам мумкин бўлган йўллардан бири сифатида аниқ тилга олинди.
Ҳозирча VEON айнан қайси банкни сотиб олиши мумкинлиги, янги банк очиш учун қанча инвестиция ажратиши ёки Марказий банкка лицензия олиш бўйича расмий ариза топширгани маълум эмас.









